Туркиянинг миллий бирлашиш куни Самарқандда ҳам нишонланди
2016 йил 15 июль куни Туркия Республикасида Фетуллоҳчи террор ташкилоти, яъни ФЕТО томонидан ҳарбий тўнтариш амалга оширишга уриниш кузатилганди. Улар конституцияга зид равишда ҳаракат қилиб, Президент Режеп Тойиб Эрдоғанга суиқасд уюштириш ва мамлакатда ҳарбий ҳукумат ўрнатишни мақсад қилганди.
Туркия халқи бу воқеаларга қарши бирлашиб, демократик қадриятларга содиқлигини намоён этган, натижада бу фитна амалга ошмаган, мамлакатнинг демократик давлат тузуми сақлаб қолинган эди.
Шу сабабли Туркия халқи ва мамлакатнинг хорижий давлатлардаги идоралари ҳар йили 15 июлни "Демократик ва миллий бирлашиш" куни сифатида ёдга олади ва нишонлайди.
Самарқанд шаҳридаги Туркия Республикасининг бош консулхонасида бугун ушбу сана муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев, ҳокимлик вакиллари, зиёлилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда айни пайтда Самарқандда яшаётган ва фаолият юритаётган Туркия фуқароларининг бир гуруҳи таклиф этилган тадбирда ўша воқеалар ёдга олинди.
Самарқанддаги Туркия Республикаси бош консули Салиҳ Жанер бу ҳақда гапириб берди.
– 15 июль куни ФЕТО томонидан Туркия миллий мажлисига биносига ҳужум уюштирилиши, Анқара ва бошқа йирик шаҳарларда кўчалар, турли бино ва иншоотларнинг эгаллаб олиниши аҳолини саросимага солган эди, – деди консул. – Ўша пайтда меҳнат таътилида бўлган Президент телевидение орқали тўғридан-тўғри чиқиш қилиб, халқни бирдамликка, мамлакатдаги демократик тузумни сақлашга, бунинг учун кўчага чиқишга даъват этди. Мана шу омил ва Туркия халқининг бирдамлиги ёвуз кучларнинг қабиҳ ниятларини амалга оширишларига тўсқинлик қилди. Кейинчалик бу ташкилот ва унинг хориждаги вакиллари ҳам Туркияга депортация қилиниб, жавобгарликка тортилди. Кўплаб халқаро ташкилотлар ва давлатлар ФЕТОни террорчи ташкилот, деб эълон қилди.
Тадбирда 2016 йил 15 июлдаги воқеалар акс этган сурат ва видолавҳалар намойиш этилди.