Участка сайлов комиссияси раислигига номзодлар ўқитилмоқда

Айни пайтда вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида жорий йил декабрь ойида парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлиги учун бўлиб ўтадиган сайловда иштирок этувчи участка сайлов комиссияси раислигига номзодлар ўқитиляпти.

Ўқувда участка сайлов комиссияси раислигига номзодларга сайловнинг мазмун-моҳияти ва сайловга оид қонунчилик, сайлов комиссиялари ва уларнинг ваколатлари, сайлов жараёни иштирокчилари ва сайловда овоз берувчилар рўйхати каби масалалар тушунтирилмоқда.

– Бундай ўқув семинарларини ташкил этишдан кўзланган мақсад участка сайлов комиссияси раислигига номзодларни сайловга оид қонунчилик билан яқиндан таништириш, уларнинг мазкур жараён билан боғлиқ билимларини оширишдан иборат, – дейди тренер Умида Муртазаева. – Чунки, бу йилги сайлов янги қабул қилинган сайлов кодекси асосида ташкил этилади. Сайлов жараёнларида ҳам аввалгига нисбатан ўзгаришлар бор. 2 августдан 4 августгача 6 нафар тренер пойтахтимизда малака ошириб келди ва улар 8-10 август кунлари Самарқанд шаҳрида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидан келган 64 нафар вакилни ўқитди. 13 августдан бошлаб 64 нафар тренер жойларда участка сайлов комиссияси раислигига номзодлар билан машғулот олиб бормоқда.

2-30 сентябрь кунлари участка сайлов комиссияси раислигига номзодлар ва уларнинг ўринбосарларини чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиш режалаштирилган.

А.Пўлатов.