Борлигига ишониш қийин бўлган табиат мўъжизалари

Атрофимизда киши онгини ҳайратда қолдирадиган жуда кўп ғаройиб ҳодисалар бор, бу албатта сайёрамизнинг сон-саноқсиз сирларга бойлигининг далолатидир. Бугун сизни таништирмоқчи бўлган табиат мўъжизаларини кўриб, ҳатто ашаддий скептиклар ҳам мўъжизаларга ишонишни бошласа ажабмас.

Магнитли тепалик. Ҳиндистон

Юқорида сурати акс этган тепаликнинг этак қисмига машинада келган киши уни нейтрал ҳолатга ўтказиб қўйса бас, кўтарилиш жуда тик бўлишига қарамай, машинанинг ўзи тепага қараб ҳаракатлана бошлайди. Одамлар бу сирни тепалик атрофидаги ғайриоддий тортишиш майдони билан тушунтиришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ ҳеч ким бу ҳодисанинг сабабини аниқлай олмаган.

Мангу олов шаршараси. АҚШ

Бу ғайриоддий шаршара Нью-Йоркда жойлашган. Сув оқими орқасида яширинган ғор ичида деярли тўхтовсиз аланга ёниб туради. Бу ҳодисани маълум бир шароитларда алангаланадиган табиий газ буғлари билан боғлашади.

Америкалик ҳиндуларда ўчган алангани жонлантирган киши бутун ҳаёти давомида Худонинг марҳаматига сазовор бўлади, деган эътиқод бор.

Ғордаги мусиқа. Чехия

Афсоналар ғорлардаги айланма чалкаш йўллар тубидан чиқадиган орган (мусиқий асбоб)нинг тиниқ товушлари ҳақида гапиради. 1996 йилда олимлар бу жойни топишди ва 9 метр чуқурликдаги ер остида бундай ўлчамдаги асбобни сиғдира оладиган бирорта хона йўқлигига амин бўлишди.

Психологлар оммавий галлюцинациялар назариясини синаб кўриш ниятида ушбу ҳодиса гувоҳлари билан ишладилар. Ҳамма бирдек ушбу катакомбалардаги “ёрқин йўлак” ҳақида гапирарди. Тупроқ намуналари бу жойдаги бундай кўринишларга олиб келиши мумкин бўлган фосфор излари йўқлигини кўрсатди.

Бир қарашда коридор жуда оддий, аммо тез орада қизғиш-тўқ сариқ рангда нур соча бошлайди. Унда сал узоқроқ вақт қолган киши эса “мусиқа” эшита бошлайди.

Тош ўрмон. Хитой

Эҳтимол, бу қадимий мамлакатдаги энг ғайриоддий маскандир. Қуриб қолган денгиз ўрнига оҳактош конларидан ҳосил бўлган тош ўрмон 200 миллион йил олдин пайдо бўлган. Ер қобиғининг тектоник силжиши эса бу ажойиб тош конструкцияларини ҳосил қилган.



Тош ўрмоннинг асосий диққатга сазовор жойи Цифэн ғоридир. Ҳар йили августдан ноябргача ер ости дарёси ҳар 30 дақиқада ғор ичида бир неча вақт давом этиб, тезда тарқаб кетадиган шиддатли гирдобни ҳосил қилади.

Ранг-баранг дарё, Колумбия

Йилнинг кўп қисмида Каньо-Кристалес дарёси оддий кўринишга эга, лекин ёзда у рангли суратли гиламга айланади-қолади. Бундай ғайриоддий ҳодиса дарёни қизил, кўк, яшил ва сариқ рангларда безаб турган ноёб турли сув ўтларининг гуллаши туфайли содир бўлиши мумкин.

Маҳаллий афсоналар шаршаралар тизмаси остида Ла Можжанна (Сув онаси)нинг хазинаси ётиши тўғрисида сўзлайди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.