Улуғ Турсунов асос солган тилшунослик мактабининг қадри нечоғли?

Таниқли физик олим Исаак Ньютон "Мен бошқалардан кўра узоқроқни кўрар эканман, бунга сабаб шуки, мен паҳлавонларнинг елкасида турибман”, деган экан. Бу бежиз эмас.

Биз ҳам илм соҳиблари саналган олимларимиз - “паҳлавонлар” ўтгани, уларнинг дастурхонидан ҳозирги кунгача қийматини йўқотмаган руҳий озиқларни, умумбашарият аҳамиятига эга ғоя, фикр, бадиий ва маънавий дурдоналарни олаётганимиз сабаб узоқроқни кўриб турибмиз.

Бу каби фикрлар бугун Самарқанд давлат университетида “Хотира – муқаддас, инсон қадри - азиз”: Самарқанд ўзбек тилшунослари”, деб номланган тадбирда кўп бор айтилди.

Унда филология фанлари доктори, профессор Суюн Каримов, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев, СамДУнинг ўзбек филологияси факультети декани Жўлибой Элтазаров ҳамда адабиёт ихлосмандлари, тилшунослар ва талабалар иштирок этди.

Тадбирда “Зарафшон” газетаси кутубхонаси туркуми остида чоп этилган “Самарқанд ўзбек тилшунослари” китоби ва унда келтирилган ўзбек тилшунослиги фани тараққиёти ва ривожига муносиб ҳисса қўшган ва қўшиб келаётган олимлар, тилшунослар ёдга олинди.

- Ўтган асрнинг 30-йилларида профессор Улуғ Турсунов Самарқанд тилшунослик мактабига асос солган эди, - дейди профессор С.Каримов. – Ўтган йиллар давомида бу мактабда ўнлаб олимлар тарбияланди, академик ва фан арбоби даражасига етди. Муҳими, улар ўқиб, изланиб, ўзбек тилшунослиги тараққиётига ҳисса қўшди. Бугун уларнинг ворислари бу хайрли ишни маҳорат билан давом эттиришмоқда. Бугунги тадбирда барча тилшуносларни эсладик, қилган ишларини ёд этдик.