Умрага борган 14 нафар ўзбекистонликнинг визаси қалбаки бўлиб чиқди

Сўнгги вақтларда айрим “шоввоз” турфирмалар Умра зиёратининг сохта визасини расмийлаштириб, Саудия Арабистони виза низомига зид равишда Ўзбекистон фуқароларини Саудияга киритишга уринмоқда.

2019 йил 26 ноябрь куни Андижон вилоятида жойлашган туристик фирмалардан бири томонидан Жидда шаҳрига борган 14 нафар ўзбекистонлик ватандошимизнинг визаси қалбаки бўлиб чиқди.

Ушбу турфирма 14 нафар юртдошимизга қалбаки визаларни расмийлаштирган ва Саудия Арабистонига юборган. Саудия Арабистони чегара хизматининг маълум қилишича, уларнинг визаси бекор қилиниб, мамлакатга киритилмасдан депортация қилинди.

Саудия аэропортида заҳмат ва машаққат чекиб, кўз ёш тўккан юртдошларимизнинг ҳасратлари акс этган фото ва видеолавҳалар Дин ишлари бўйича қўмитага тақдим этилган.

Жидда шаҳридаги Бош консулхона ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг Саудиядаги вакиллари билан ҳамкорликда ҳолат юзасидан барча зарурий ташкилий тадбирлар амалга оширилиб, 27 ноябрь куни “Жидда-Тошкент” авиақатнови билан юқоридаги 14 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди.

Ҳурматли юртдошлар! Унутманг, биз ибодатларингиз мукаммал, сафарингиз хавфсиз ва хотиржам бўлиши тарафдоримиз. Ўз навбатида, сиздан турли фирибгарлар алдовига учмасдан, ҳукумат томонидан ташкил этилаётган расмий, хавфсиз ва ишончли “Умра зиёрати”дан фойдаланишингизни тавсия этамиз!

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита.