“Ургут сити” учун 100 гектар ер ажратилган: Ҳеч кимнинг уйи ўрнида эмас, очиқ майдонда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида вилоят аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи ошиб бораётганини ҳисобга олиб, нафақат Самарқанд шаҳри, балки туманларда ҳам кўп қаватли уйлар қуриш зарурлигини таъкидлаган эди.
Жумладан, вилоятнинг аҳолиси энг кўп тумани – Ургутда шу йилдаёқ кўп қаватли уйлар қуришга киришиш зарурлиги қайд этилганди.
– Ушбу топшириқ асосида айни пайтда туманнинг янги марказига айланиб бораётган Мерганча массивида ҳар бири 24 хонадонли 8 та кўп қаватли уй қурилмоқда, – дейди Ургут тумани ҳокими ўринбосари У.Ўроқов. – Бу хонадонлар уй-жойга эҳтиёжманд оилалар учун ажратилади. Бундан ташқари, мазкур ҳудуд яқинидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 103 гектар ер майдони ажратилиб, “Ургут сити” қурилишига киришилди. Бу ерда хорижий қурилиш компанияси томонидан замонавий технологиялар асосида 12 ва 16 қаватли 10 та уй қурилади. Жорий йилда учта ана шундай уйни қуришга киришилди. Янги аҳоли турар жой массивида уйлар билан бирга савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, истироҳат боғи, кўнгилочар масканлар қад ростлайди.
Дарвоқе, бугунги кунда туманда мазкур объектлардан бошқа жойларда ҳам тадбиркорлар, қурилиш ташкилотлари томонидан 5 ва 9 қаватли уй-жойлар қурилмоқда.