Ургутда барпо этилган ДХМ бир кунда 500 нафар фуқарога хизмат кўрсатиш имкониятига эга
Ургутда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уни қайта ишлаш, халқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Ургутнинг ўзида айни кунларда мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатади. Шу боисдан давлат хизматларидан фойдалишга бўлган талаб туманда бирмунча юқори.
Туман Давлат хизматлари маркази орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 2020 йилнинг шу кунига қадар 67 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилди. 2482 та тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, хорижий инвестиция иштирокидаги 6 та корхона давлат рўйхатидан ўтказилди.
Кеча ургутликларга беминнат хизмат кўрсатаётган Давлат хизматлари маркази учун янги, замонавий қулайликларга эга бўлган бино қурилиб фойдаланишга топширилди. Эндиликда ушбу янги бинода аҳолига хизмат кўрсатиш сифати янада ортиб, бу кўрсатгичлар сони икки баробарга ошиши кўзда тутилган.
Марказ бир вақтнинг ўзида 24 нафар, бир кунда 500 нафар фуқарога хизмат кўрсата олади. Электрон навбат тизими 6 та мониторда акс этиб туради.
Замонавий архитектура ечими асосида қурилган марказнинг 2 қаватли биносида барча шароитлар яратилган. Инфокиоск, кутиш зали, кичик кутубхона, болалар майдончаси, ошхона, тадбиркорлар учун Бош вазир қабулхонаси, инвесторлар учун алоҳида хоналар ташкил этилган. Банк шохобчаси ҳам марказнинг ўзида ташкил этилганлиги фуқароларнинг зарур тўловларини шу ернинг ўзида амалга ошириш имконини беради.