Ургутда юк машинаси йўл четига ағдарилиб кетди

Ижтимоий тармоқларда “ГАЗ-53А” русумли юк машинаси йўлнинг четки қисмига ағдарилиб кетганлиги акс этган видеолавҳа тарқалди. Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Аниқланишича, воқеа 2 ноябрь куни соат 15:00 ларда Ургут тумани Мўминобод-1 маҳалласи ички йўлида содир бўлган.
Ушбу юк машинаси ҳайдовчисининг эҳтиётсизлиги оқибатида бошқарувни йўқотиб, йўлнинг четидаги ариққа тушиб кетган.

Ҳодисада тан жароҳати олганлар йўқ.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ яна бир бор ҳайдовчилардан йўлларда ҳушёр бўлишларини сўрайди.