«Ушбу маълумотни рейтинг сифатида қабул қилмасликларини сўраймиз»: ХТБ бугун тарқалган ОТМларга кириш кўрcаткичлари бўйича муносабат билдирди

Бугун ижтимоий тармоқларда, хусусан, Ургут туман ҳокимлиги расмий каналида ҳам вилоятдаги шаҳар, туманларда битирувчиларнинг олий таълим муассасаларга кириш кўрсаткичлари эълон қилинганди. Тарқалган мазкур хабарлар Zarnews.uz каналида ҳам ёритилди.

Бироқ вилоят халқ таълими бошқармаси мазкур маълумотларни расмий рейтинг деб аташ тўғри эмаслигини билдирмоқда. Гарчи тарқалган рейтинг жадвали ҳам ХТБга тегишли бўлса-да у кунлик маълумотлар асосида ўзгариб туриши ва ушбу маълумотда ҳозирги кунга қадар битирувчиларнинг нодавлат ва хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари ҳам инобатга олингани айтилмоқда.

“Шуни маълум қиламизки, мактаб ўқувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари олий таълим муассасаларидан олинган охирги тасдиқланган маълумотлар асосида шаклланади.

Ушбу маълумотда ҳозирги кунга қадар битирувчиларнинг нодавлат ва хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари ҳам инобатга олинган.
Битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари ва бандлигини таъминлаш бўйича таълим муассасалари, туман ва шаҳарларнинг натижалари Халқ таълими вазирлиги таҳлилий натижаларидан сўнг расман эълон қилинади.

Шу ўринда, бугунги кунга қадар олинган тезкор маълумотлар асосида тўлдирилган мазкур жадвал мактаб ўқувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари бўйича кунлик, тезкор, таҳлилий ва ўзгарувчан жадвал бўлиб (кунлик ўзгаришлар киритиб борилади), бу туман, шаҳарларнинг рейтинг ўрнини белгиламаслигини билдирамиз ва ушбу маълумотни рейтинг сифатида қабул қилмасликларини сўраймиз” дейилади ВХТБ хабарида.