Уйда қолдик! “Светимиз”ни беринг – электрчилар! Самарқанд вилояти ва шаҳри электр тармоқлари корхонаси мутасаддилари эътиборига
Жорий йилнинг 8 апрель куни кечга томон ёққан қор кўп жойларда электр таъминотида узилишларни содир этди.
Уйда "свет" ўчганидан кейин бир ойча илгари телеграм каналимизда “"Свет" ўчдими? Электрчиларга телефон қилинг!” мазмунида электр таъминоти корхоналарининг диспетчерлик хизматлари телефон рақамларини эълон қилганимиз ёдимга тушди.
Мурожаатни 1154 – қисқа рақамли “Кол Центр” хизматига телефон қилишдан бошладим. Бир-икки сигналдан кейин “авто жавобгар” ўзбек тилини билмайди шекилли, қўнғироғимга “не успешно”, деб жавоб берди... “Самарқанд ҲЭТК” АЖ ва шаҳар электр тармоқлари корхонаси томонидан берилган телефон рақамларига тушиш ҳам фойдасиз кетди...
Эрталаб ишга келаётиб, кўчаларда қалин қор сабаб дарахтлар қулагани, электр симларининг узилиб ётганини кўрдим. “Электрчиларга қийин бўлди-да” – кеча чироқ ўчгани сабаби аён бўлди.
Вилоят электр таъминоти корхонаси ахборот хизматидан “Ўзингизни кўрсатинг, электрчилар ишлаётгани ҳақидаги ахборотлардан кўмаклашинг”, дедик. Ахборот хизматидан олинган маълумотларга кўра, “Самарқанд вилояти бўйича 149 та “фидер” - электр тармоқларида зарарланиш кузатилган. 14:00 гача 109 тасида таъминот тикланган” деган сарлавҳа билан мақола эълон қилдик.
“40 та объект қолибдику! Кечгача уйдаги чироқ ёниб қолар”, дея хаёлимдан ўтди. Хом ўйлаган эканман, бу оқшом ҳам светимиз ёнмади.
Эртаси куни 1154 га яна мурожаат қилдим. “Автомат жавобгар” ҳартугул бу сафар “1,2,3 ни теринг”, деб уч тилда бийрон гапирди. Лекин фойдаси бўлмади... Синаш учун, эълонда берилган бошқа туман ва шаҳарларнинг диспетчерлик хизматларига қўнғироқ қилдим... Бир-иккита тумандан “лаббай” жавобини олганимни ҳисобламаганда, аксарияти ишламади.
Бунинг сабабини вилоят электрчиларининг ахборот хизмати вакилидан сўрадим.
- Шаҳар электр тармоқлари корхонаси диспетчерлик хизматларининг номери алмашган ҳозир.
- Одатда, кимдандир қарзи бор ёки ножўя хатти-ҳаракатлар содир этиб қўйган кишигина номер алмаштирарди...
- ....? Жуда кўп трансформаторларда зарарланиш бўлган. Ходимларимиз тиним билмай ишлаяпти. Маҳаллангиздаги трансформатор эса куйибди. Ремонтга олиб кетган. Кечгача ёнади...
- Унда вилоят бўйича нечта транформатор куйгани, нечтаси таъмирланаётгани бўйича маълумотларни беринг. Эълон қиламиз, одамларимиз тушунади. Электрчиларнинг тинимсиз ишлаётгани ушбу рақамларда кўринади.
- ...?
Яна уйда “свет” бўлмади. Кечқурун ярим соат ёнди-ю, яна ўчди. Энди кўчанинг ярмида бор, ярмида йўқ...
Бугун тўртинчи кун ўтяптики, ҳозиргача “светимиз” ёнган эмас. Кўча хонадонларидаги ўқувчилар видеодарсларни қилолмаяпти, телефонларнинг қуввати тугаган. Уйда ўтириб ишлаётганлар иш жойига бориб, телефони қувватини тўлдириб келишга мажбур бўляпти. Ўқитувчилар ўқувчиларининг дарс тайёрлашини назорат қилолмаяпти. Қўшниникига чиқиб “қувват олай” деса “КАРАНТИН” ва ҳоказо...
А.ШЕРХОЛОВ,
Самарқанд шаҳри, Бирлик – 1-тор кўча.