Uz IMEI тизими бўйича жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди
Сўнгги вақтларда мобил қурилмаларни Uz IMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар ижтимоий тармоқларда долзарб мавзуга айланди.
Ушбу муаммоли масала юзасидан бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар қаторида Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳам бир қатор чоралар амалга оширилди.
Олиб борилган тадбирлар натижасида рўйхатдан ўтмаган мобил қурилмаларни Ўзбекистон Давлат чегараси орқали ҳаракатланган фуқароларнинг номларига ноқонуний йўллар билан рўйхатга қўйиш, шахсларга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиб, сақлаб, улардан ғаразли ниятларда фойдаланиб келаётган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди.
Аниқланишича, Ўзбекистон фуқароси О.А. шериклари М.Б. ва Т.Р.лар билан тузган ўзаро жиноий режага кўра, қўшни давлатларга ўтиб, у ерда мамлакатимизга кириб келаётган Ўзбекистон фуқароларининг паспорт маълумотларини телефон ёрдамида расмга тушириб, “Телеграм” ижтимоий тармоғи орқали юбориб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган мобил қурилмаларни Uz IMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келишган.
Биргина, фуқаро Б.М.нинг уяли алоқа воситаси кўздан кечирилганида, телефон хотирасида Ўзбекистон фуқароларининг 200 га яқин паспорт расмлари борлиги, у ушбу паспорт маълумотларни йиғиб, жиноий шериги О.А.га етказиб берганлиги учун ҳар бир паспортга 5 АҚШ долларидан ҳақ олганлиги маълум бўлди.
Мазкур холат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Жиноят кодексининг 141-2-моддаси 2-қисми “а” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди, деб хабар берди Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.