Вазирлик ва идоралар вакиллари аҳоли муаммоларини ўрганмоқда
Аввал хабар қилганимиздек, Самарқандда республика вазирлик ва идоралари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳининг оммавий сайёр қабуллари бошланди.
Қабулларнинг дастлабкиси бугун Самарқанд шаҳри, Самарқанд, Паст Дарғом ва Нуробод туманлари аҳолиси учун кўҳна кентнинг Ватанпарвар маҳалласидаги “Ватанпарвар” боғида ташкил қилинди.
Унда ишчи гуруҳи аъзолари, секторлар, ҳудудий бошқарма, ташкилот, муассасалар раҳбарлари иштирок этиб, фуқароларнинг суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, таълим, тиббиёт, коммунал соҳа, банк-молия йўналишларидаги мурожаатларини кўриб чиқди.
Хусусан, Халқ таълими вазири ўринбосари Ваҳобжон Ражабов тизимга оид мурожаатларни имкон қадар шу ернинг ўзида ҳал этишга ҳаракат қилди.
- Набирам Самарқанд шаҳридаги 65-умумий ўрта таълим мактаби 9-синф битирувчиси, - дейди Ибн Сино маҳалласида яшовчи Музаффара Тугалова. – Мактаб директори у ўқишини коллежда давом эттиришини билдирмоқда. Ваҳоланки, набирамнинг ўзи ҳам, биз яқинлари ҳам мактабда таълим олишини истаймиз. Муаммо юзасидан қаерга ёки кимга мурожаат қилишни билмай тургандик. Вазир ўринбосари қабули туфайли масала ўз ечимини топди.
- Кун давомида вилоят ҳокимининг ўзига 100 дан ортиқ мурожаат тушди, - дейди вилоят ҳокимлиги мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходими Содиқжон Тошназаров. – Албатта, уларни ўрганиш, ҳал этиш учун зарур чоралар белгилаб олинди. Бироқ айрим муаммолар борки, улар фақат республика идоралари томонидан кўриб чиқилиб, ҳал этилади. Ҳудудлар кесимида ўтказиладиган бугунгидай сайёр қабуллар ана шундай масалаларни ҳал қилиш имконини беради.
Сайёр қабулнинг дастлабки кунида фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг айримлари шу ернинг ўзида ечимини топди. Баъзилари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, аксарият мурожаат ўрганиш талаб этганлиги учун алоҳида назоратга олинди.
Давлат идоралари ва ташкилотлари мутасаддилари иштирокидаги сайёр қабул 21, 22, 23 июнь кунлари ҳудудий тарзда Каттақўрғон, Иштихон ва Жомбой туманларида ўтказилади.