“Вилоят ҳокими фан олимпиадаси”: Жомбойдан совриндор йўқ, ўртача баллга ғолиблик берилган
12 июнь куни “Ёшлар фестивали” доирасида “Вилоят ҳокими фан олимпиадаси” вилоятдаги 10 та олий таълим муассасаларида ўтказилди.
Фан олимпиадасида 14 та умумтаълим фанларидан туман, шаҳар мактабларидан саралаб олинган 10-, 11-синф ўқувчилари иштирок этди.
Жумладан, туман, шаҳарлар кесимида ҳар бир фан бўйича 4 нафардан ўқувчи қатнашди.
10-, 11-синфлар кесимида 14 та фандан биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган жами 84 нафар ғолиб ўқувчилар вилоят ҳокимининг дипломи ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Барча фанлар бўйича Самарқанд шаҳри 20 та совринли ўринни қўлга киритиб, биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Паст Дарғом тумани 9 та соврин билан иккинчи, Булунғур ва Нуробод туманлари 7 тадан совринли ўрин билан учинчи ўринни банд этди.
Фан олимпиадасида энг паст кўрсаткичли туманлар ҳам қайд этилди. Масалан, Ургут тумани ўқувчилари 2 та совринли ўрин олган бўлса, Жомбой тумани бирорта ҳам совринли ўринни қўлга киритолмади.
Фан олимпиадасининг ўзига хослиги шундан иборат бўлдики, унда иштирок этган 1576 нафар ўқувчининг 1031 нафари, яъни 65,4 фоизи илгари олимпиадада қатнашмаган ўқувчилардир. Баъзида ўқитувчи фан олимпиадасига фақат битта ўқувчини олиб боради, ваҳоланки синфда ўша ўқувчидан кўра фанни яхши ўзлаштирган ўқувчи бўлиши мумкин. Шуни ҳисобга олган ҳолда бу гал фан олимпиадаларида иштирок этмаган ўқувчилар жалб этилди.
Шунингдек, ғолиб бўлган 84 нафар ўқувчидан 32 нафари олимпиадада янги номзод сифатида қатнашиб, 10-синфлардан 17 нафар, 11-синфлардан 15 нафари совринли ўринларни қўлга киритди.
Шуниси таассуфлики, фан олимпиадасида айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланиб қолди. Масалан, 112 нафар ўқувчи фанлардан паст балл олган. Жумладан, Ургут тумани 13,4 фоиз, Булунғур тумани 11,6 фоиз, Самарқанд тумани 10,7 фоиз билан энг паст натижани қайд этди.
Шу билан бирга, тожик тили ва адабиёти, информатика, кимё, немис тили фанларидан ўқувчиларнинг олимпиада даражасидаги билимлари етарли эмаслиги аниқланди. Жумладан, тожик тили ва адабиёти фанидан биринчи ўринни қўлга киритган 11-синф ўқувчиси (Паст Дарғом тумани 19-мактаб) 62,5 балл, учинчи ўринни эгаллаган ўқувчи (Нуробод тумани 13-мактаб) 57,5 балл тўплаган. Аслида бундай балл “3” баҳо деганидир. Қолган ўқувчилар эса олимпиадада “2” баҳо олган.
Худди шунингдек, информатика фанидан учинчи ўринни эгаллаган 11-синф ўқувчиси (Пахтачи туманидаги 19-мактаб) 67,5 балл, кимё фанидан учинчи ўринни қўлга киритган 11-синф ўқувчиси (Қўшработ тумани 13-мактаб) 55,0 балл, немис тилидан учинчи ўринни олган 10-синф ўқувчиси (Самарқанд шаҳар 51-ИДУМ) 57,5 балл тўплаган. Ушбу кўрсаткич ҳам ўрин беришга лойиқ эмас, аммо бундан юқори балл бўлмагани учун уларга учинчи ўрин берилган.
Бўлиб ўтган фан олимпиадасининг олий таълим муассасалари ҳамкорлигида ўтказилгани унинг шаффофлигини таъминлаган бўлса, юқоридаги камчиликларнинг очилгани эндиликда вилоят халқ таълими раҳбарларининг айнан қандай масалага эътибор қаратиш кераклигини кўрсатди.
Бу каби фан олимпиадалари ҳар йили олий таълим муассасалари ҳамда таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими томонидан ҳамкорликда ўтказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, фан олимпиадасини ўтказган олий таълим муассасалари ўзларига бириктирилган фанлардан ғолиб бўлган ва юқори балларни тўплаган ўқувчиларни республика ва халқаро фан олимпиадаларига тайёрлайди.
Ғайрат Бобохолов,
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи.