Вилоят иқтисодий судларига ўтган йил 195 мурожаат тушган
Мамлакатимиз қонунчилигида жисмоний ва юридик шахсларнинг ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Шу билан бирга фуқароларнинг давлат органлари ва муассасаларига, халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида оммавий учрашувларда мурожаатларни қабул қилиш тартиби белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, кейинги йилларда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари ҳамда тижорат банклари раҳбарлари ҳудудларда сайёр қабуллар ўтказмоқда. Бу тадбирларда фуқаролар томонидан кредит ажратиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари қарорларига доир, бандлик ва иш ҳақи тўловлари, тадбиркорлик, электр ва табиий газ таъминоти, соғлиқни сақлаш ва бошқа масалаларга оид мурожаатлар билдирилмоқда.
Самарқанд вилоят ҳамда туманлараро ва туман (шаҳар) иқтисодий судларига 2018 йилда жисмоний ва юридик шахслардан жами 159 та мурожаат тушган. Мурожаатларнинг 89 таси суд ҳужжатидан норозилик, 6 таси суд ҳужжатининг ижроси, 4 таси суд ходимларининг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ бўлди. Мазкур мурожаатларнинг 134 таси бўйича тегишли тушунтиришлар берилган, 3 таси қаноатлантирилган ва 13 таси рад этилган.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, энг кўп мурожаат (124 та) Самарқанд вилоят иқтисодий судига, 13 таси Самарқанд шаҳар иқтисодий судига, 8 таси Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судига тушган.
2018 йил мобайнида Самарқанд вилоят, туманлараро ва туман (шаҳар) иқтисодий судларига келиб тушган мурожаатларнинг 89 таси (56,3 фоиз) суд ҳужжатларидан норозилик, яъни қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан апелляция ёки кассация шикоятлари ёхуд назорат тартибида ариза бериш тартибини тушунмасдан берилган аризаларни ташкил қилди.
Ўтган йилги мурожаатларнинг 86 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва жойлардаги халқ қабулхоналаридан келиб тушди. Бу ариза ва шикоятларнинг ҳар бири назоратга олиниб, фуқароларга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.
Бундан ташқари, 2018 йилда вилоят иқтисодий суди раҳбариятининг шахсий (сайёр) қабулида 74 та (24 таси сайёр қабулда), Самарқанд шаҳар иқтисодий суди раиси қабулида 37 та (11 таси сайёр қабул), Паст Дарғом туман иқтисодий суди раиси қабулида 31 та (10 таси сайёр қабул), умуман, вилоят бўйича жами 201 та оғзаки мурожаат қайд этилган.
Юртимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш таҳлил қилинганда, бир қатор тизимли камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Шу сабабли Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги фармони билан мазкур йўналишдаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий қилинмоқда. Унга кўра, жорий йилнинг 1 февралидан Халқ қабулхоналарининг муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилиш, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлаши тартиблари белгиланди.
Туман (шаҳар) халқ қабулхоналари бошчилик қиладиган ишчи гуруҳлар уйма-уй юриш, ижтимоий объектларни ўрганиш натижаларини маҳаллалар ва хонадонлар (оилалар) кесимида таҳлил қилади, шундан сўнг аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа (1 йиллик) ва ўрта муддатли манзилли тадбирлар режаларини шакллантиради.
Қисқа муддатли манзилли тадбирлар режалари ижроси туман (шаҳар) ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари, Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ва мудофаа саноати масалалари комплекси томонидан таъминланади.
“Hudud” ахборот тизими такомиллаштирилади ва унга барча Халқ қабулхоналари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар интеграция қилинади.
Барча давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг вилоят бўлинмалари веб-сайтлари 2019 йилнинг 1 июлига қадар, туман (шаҳар) бўлинмалари веб-сайтлари эса 2020 йилнинг 1 январига қадар ташкил қилиниб, фуқароларнинг электрон мурожаат қилиш имконияти яратилади.
Б.ЭШОНҚУЛОВ,
вилоят иқтисодий суди судьяси.