Вилоятда 15 минг нафардан зиёд мактабгача ва мактаб таълими тизими ходимлари онлайн тарзда малака оширган
Жорий йилнинг январидан бошлаб мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг ҳар йили малака оширишга асосланган узлуксиз касбий ривожлантириш тизими жорий этилган. Бунда, мактабгача ва мактаб таълими муассасалари раҳбар, мутахассис ва педагог ходимларига “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформасидан мустақил равишда рўйхатдан ўтиш ва тасдиқланган режага мувофиқ малака ошириш таълим ташкилотларида ишдан ажралган ҳолда (офлайн) ёки “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформасида ишдан ажралмаган ҳолда (онлайн) малака ошириш имконияти яратилган.
Бугунги кунда вилоят педагог ходимларининг 60 279 нафари малака ошириш учун рўйхатдан ўтиб, улардан 15662 нафари ҳудудий марказда, 15166 нафари онлайн платформада малака ошириб, тегишли сертификатга эга бўлган. Яъни вилоят бўйича мактабгача ва мактаб таълими ходимларини малака оширишга жалб қилиш режаси 30 июнь ҳолатига 51,1 фоизга бажарилган.
Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
- Вилоят педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида 2023 йил 30 январдан 16 июнга қадар “Сингапур методикаси” бўйича қисқа муддатли мақсадли ўқув курслари ташкил этилди, - деди марказ директори Аъламжон Ибрагимов. - Сингапур тажрибаси асосида миллий марказда ўтказилган ўқув машғулотларида сингапурлик тажрибали мутахассислар томонидан маҳорат дарслари ташкил қилиниб, тингловчиларнинг раҳбарлик қобилияти, билими ва тажрибаси оширилди. Ушбу ўқувларда туман (шаҳар)лардаги 808 та мактабдан 237 нафар мактаб директори, 314 нафар директор ўринбосари, 264 нафар фан ўқитувчилари иштирок этишди.
Бўлиб ўтган матбуот анжуманида онлайн малака ошириш тизимининг афзаллиги, яъни педагог исталган вақтда платформага кириб, ўқув дарсларни юклаб олиши мумкинлиги ҳақида гапирилди. Шунингдек, ҳали бу борада муаммолар борлиги, лекин шунга қарамай бундан буён ҳар йили барча мактабгача ва мактаб таълими тизими ходимларининг малакаси узлуксиз ошириб борилиши таъкидланди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.