Вилоятдаги 24 та маҳаллада спорт майдончаси қурилиши бошланди, бу маҳаллалар ёшлари “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларида ғолиб бўлганди

Хабарингиз бор, Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда республика бўйлаб “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 9 спорт туридан оммавий спорт мусобақалари бўлиб ўтганди.

Унда Самарқанд ёшлари 10 та олтин, 6 та кумуш, 8 та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида республикада иккинчи ўринни эгаллаган.

Вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олим Собировнинг Zarnews.uz`га маълум қилишича, мусобақанинг яна бир аҳамиятли жиҳати, турнирда ғолиб бўлган иштирокчиларнинг маҳаллаларига уч турдаги спорт майдончаларини қуриб бериш белгиланган.

Айни кунларда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган ёшлар маҳаллаларига қуриладиган спорт майдончаларининг манзилли рўйхати шакллантирилиб, жойларда қурилиш ишлари бошланган.

Жумладан, 24 маҳаллада (Ургут туманида 6 та, Иштихонда 4 та, Пайариқда 3 та, Нуробод тумани ҳамда Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида 2 тадан, Оқдарё, Жомбой, Самарқанд, Пахтачи ва Паст Дарғом туманларида биттадан) спорт майдончаси қурилади.

Спорт майдончаларини ҳудудларга тақсимлаш, мусобақаларда ғолиб бўлган иштирокчилар эгаллаган ўринлардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Бунда биринчи ўринни қўлга киритган жамоа маҳалласида универсал спорт майдончаси қуриб берилади. Мини-футбол ва баскетбол билан шуғулланиш имконияти бўлади.

Иккинчи ўринни эгаллаган жамоа маҳалласида “Streetball” майдончаси ташкил этилади ва волейбол, баскетбол билан шуғулланиш учун ҳам қўшимча имконият яратилади. Учинчи ўрин учун “Workout” майдончаси. Унда “брус крестик”, “турник ва пресс”, “юриш тренажёри”, “пресс учун ўриндиқ” каби махсус анжомлар бўлади. Бу ерда доимий бадантарбия ва соғломлаштириш машқлари билан шуғулланиш имконияти яратилади.