Вирус ҳамон орамизда, меҳмондорчиликлардан тийилайлик!

Коронавирус пандемияси туфайли бу йил мураккаб йил бўлгани ҳар биримизни сергак торттирди, таъбир жоиз бўлса, жуда кўп масалалар, хусусан, ҳаёт тарзимиз, кундалик турмушимиз ҳақида ўйлаб кўриш, хулоса чиқаришга имкон берди.

Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзига амал қилиши нечоғлик экани,  касаллик тарқалгач эса жуда кўпчилик ҳаётида ўз соғлиғига бошқа бир нуқтаи назар билан қараш шаклланди. Оддий санитария-гигиена талабларига риоя қилиш, овқатланишдаги муаммоларимиз ҳам юзага чиқдики, уларнинг барчаси бизнинг саломатлигимиз билан чамбарчас боғлиқ экани ҳамда ўз саломатлиги йўлида саъй-ҳаракат қилса, албатта, натижага эришиши мумкинлигини исботлади.

Афсуски, коронавирус ҳамон орамизда, муҳит яратиб берилса, яна ҳужумга шай ҳолатда. Тўғри, карантин қоидаларига риоя қилишда аҳоли мураккабликларни бошидан кечирди. Яқинлари билан узоқ вақт кўришмаслик, одамларнинг камроқ тўпланиши ва бошқа қоидалар «одам одам билан тирик», дея яқинларини эъзозловчи халқимиз учун осон кечмади. Аммо саломатлигимиз учун бу қоидаларга амал қилинди ва айтиш керакки, ушбу вируснинг кенг миқёсда тарқалишининг олди олинди.

Халқимизда яна бир ажойиб нақл бор: «Қирқига чидаган қирқ бирига ҳам сабр қилади». Ушбу вирус билан боғлиқ вазият ҳақида кунига оммавий ахборот воситалари орқали турли хабарларни ўқиб боряпмиз. Хусусан, Европа давлатларида вируснинг янги штаммлари пайдо бўлаётгани, карантин чоралари эълон қилинаётгани каби хабарлар барчамизни сергак торттириши керак.

Гарчи, бугун мамлакатимизда вирус тарқалиши кенг кўламда бўлмаса-да, аммо унга чалиниш ҳолатлари учрамоқда. Шу маънода байрам кунлари саломатлигимизга беэътиборлик қилишимиз яна касалликнинг кенг тарқалишига замин яратишига туртки бўлишини ўйлаб кўрайлик. Байрамни фақат ўз оилангиз даврасида нишонлаш орқали нафақат ўзгалар, балки ўз саломатлигингизни асраган бўласиз. Қирқига сабр қилиб, қирқ бирига ҳам чидаб берсак, бу хасталикдан бутунлай фориғ бўлиш кунларига етиб борамиз.

Ўзингизни, яқинларингизни эҳтиёт қилинг, байрамни ўз оилангиз билан ўтказинг. Янги йилда ҳам оила аъзоларимизни, яқинларимизни соғлом, омон эсонликда кўриш насиб этсин!

Адҳам БАҲРОМОВ,

вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи.