Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг олтмиш еттинчи сессияси бўлиб ўтди
Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов олиб борди.
Депутатлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 октябрдаги “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг вилоятдаги ижросини таъминлаш мақсадида туман ва шаҳарлардаги фойдаланилмасдан бўш турган бино ва иншоотларни бериш бўйича тақдим этилган лойиҳаларни тасдиқлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.
Ушбу масала юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Ходжаевнинг ахбороти тингланди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 октябрдаги “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг 1-банди, “б” кичик банди талабларига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларига ўз ваколатлари доирасида инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун аукцион ўтказмасдан, инвестор билан тўғридан-тўғри музокаралар орқали инвестициявий (камида 1 миллион АҚШ доллари эквивалентида) ва ижтимоий мажбуриятлар белгилаган ҳолда бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколати берилган.
Бунда, давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотиш тўғрисидаги қарорлар лойиҳаси дастлаб халқ депутатлари вилоят Кенгашида кўриб чиқилиши ҳамда тасдиқланиши лозимлиги белгиланган.
Ушбу норма талабларидан келиб чиқиб, депутатлар вилоят ҳокимининг тегишли қарорлари лойиҳаларини ўзгартишлар киритиб, тасдиқлаш мумкин, деб топди.
Сессия ишида шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Президентимиз ташаббуси билан республиканинг барча ҳудудларида “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари доирасида кенг миқёсда қурилиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу дастурлар ижроси юзасидан вилоятимизнинг 2 шаҳар ва 14 туманидаги 6 маҳалла фуқаролар йиғинлари ва 42 қишлоқда қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳисоботда қайд этилишича, «Обод маҳалла» дастури доирасида Самарқанд шаҳрининг Чилқудуқ, Наврўз, Ёшлик ва Каттақўрғон шаҳрининг Каттақўрғон, Гўзалкент, Ғариб масжид маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида республика бюджети маблағларидан 19,8 миллиард сўм, маҳаллий бюджет маблағларидан 14,9 миллиард сўм, тармоқ корхоналари маблағларидан 2,1 миллиард сўм, ташаббускор тадбиркорлар ва аҳоли маблағларидан 7,1 миллиард сўм, тижорат банклари кредит маблағларидан 5,8 миллиард сўм ҳисобидан қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Сессия давомида депутатлар, шунингдек, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётига оид бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.
Кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.