Халқ қабулхонаси: Ургутда 5157 та мурожаатнинг 3467 таси ижобий ҳал этилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга тезкор ечим топиш, жойларда инфратузилма билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун қулай институтга айланди. Шунинг учун одамлар нажот истаб Халқ қабулхоналарига мурожаат қилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг дастлабки олти ойида Ургут тумани аҳолисидан 5157 та мурожаат тушган бўлиб, 3467 таси, яъни 75 фоизи қаноатлантирилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, мурожаатларнинг асосий қисми болалар нафақаси (375 та), алимент ундириш (282 та), электр энергияси таъминотидаги узилишлари (198 та), суюлтирилган газ билан таъминлашдаги муаммолар (171 та), уй-жой (150 та), маҳалла ички йўлларини таъмирлаш (120 та), даволаниш ва жарроҳлик амалиёти учун моддий ёрдам (92 та) билан боғлиқ бўлди.
Мисол учун, Қуйи Торинжак маҳалласида яшовчи М.Маҳмудов Халқ қабулхонасига ҳудуддаги аҳолининг электр энергияси таъминотини яхшилаш юзасидан мурожаат қилди. Мазкур мурожаат асосида маҳалла ҳудудига қўшимча 100 киловатли янги трансформатор пункти ўрнатиш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 60 миллион сўм маблағ ажратиш бўйича халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори қабул қилиниб, янги трансформатор ҳамда 8 та электр бетон устунлари ўрнатилди, 400 метр электр тармоғи тортилди. Натижада маҳалладаги 50 та хонадоннинг электр таъминоти яхшиланди.
Чағизмон маҳалласи раиси А.Маҳмудов жорий йил март ойида уйма-уй юриш орқали аниқланган йўл, электр, суюлтирилган газ ва ичимлик суви таъминоти, алоқа (интернет) тармоғини яхшилаш ва ижтимоий объектлардаги муаммоларини бартараф этиш бўйича тасдиқланган йўл харитасини амалга оширишда ёрдам сўраган эди. Мазкур маҳалладаги муаммоларни ҳал этишга вилоят Халқ қабулхонаси ва вилоят ҳокимлигининг амалий ёрдами билан июль ойида маҳалла аҳолисига 50 дона маиший газ баллон берилди. 1 километр масофага алоқа тармоғи ҳамда 1 километр тоза ичимлик суви тармоғи тортилди. Маҳалладаги иккита кўчада 1,2 километр масофада асфальт ётқизилди. Ҳозирги кунда ички йўлларни таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. Маҳалладаги 1978 йилда қурилган давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам реконструкция ишлари бошлаб юборилди.
Албатта, бундай мисолларни кўп келтириш мумкин. Муҳими, мурожаатлар эътиборсиз қолмаяпти. Ҳоким ва сектор раҳбарлари, барча даражадаги мутасаддилар аҳоли кўтараётган масалага қонуний, тезкор ечим топишга интилмоқда.
Секторлар кесимида таҳлил қилганимизда туман ҳокимининг секторида 1334 та мурожаатнинг 428 таси ижобий ҳал этилган. Туман прокурори бошчилигидаги 2-секторда эса 1483 та мурожаатдан 469 таси, ИИБ бошлиғи етакчилигидаги 3-секторда 1488 тадан 469 таси ва солиқ инспекцияси бошлиғининг cекторида 852 та мурожаатнинг 291 таси ижобий ҳал этилгани маълум бўлди.
Сектор раҳбарларининг жойларда ўтказаётган сайёр қабуллари аҳолини ўйлантираётган масалаларга жойида ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, 2-сектор раҳбари жорий йилнинг 15 март куни Жозмон маҳалласида ўтказган сайёр қабулида Тароқли маҳалласида яшовчи Диловар Раззоқова маҳалладаги яроқсиз ҳолга келиб қолган симёғочларни алмаштириш ва электр тармоғи тортишда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган эди. Мазкур мурожаат назоратга олиниб, ҳозирги кунда Деҳқонобод электр тармоқлари корхонаси томонидан Тароқли маҳалласида 60 дона электр бетон таянч устунлари ўрнатиш ва 1 километр электр тармоғи тортиш ишлари бошланган.
3-сектор раҳбарининг шу йил 12 май куни Тўрткўл махалласида ўтказган сайёр қабулида Ғиждувон маҳалласида яшовчи Муҳаммади Раҳмонов маҳалланинг асосий ички йўлини шағаллаштиришда амалий ёрдам сўраган эди. Бу масала бўйича тегишли ташкилотлар томонидан амалий иш олиб борилиб, 1 километр ички кўчага шағал ётқизилди.
Тўртинчи сектор раҳбари ҳам Боғишамол маҳалласидаги сайёр қабулдаги мурожаат асосида Катта Торинжак маҳалласидаги яроқсиз ҳолга келган алоқа тармоғи бетон устунларини алмаштиришга ёрдам берди ва 150 метр алоқа тармоғи тортилди.
Абдуазиз Худойбердиев,
Ургут туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.