Халқимиз тарихи йилномаси: “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бир асрдан зиёд вақтдан буён чоп этиб келиняпти

“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида “Зарафшон” газетасининг 110, “Самаркандский вестник” газетасининг 105 йиллиги муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Тадбирда таниқли журналистлар, шоир, ёзувчи ва зиёлилар қатнашди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Зебунисо Раҳмонова вилоят ҳокимининг табригини ўқиб эшиттирди.

Бу зиёлилар байрами, - деди З.Раҳмонова. - Ўзим ушбу газеталарни ўқиб катта бўлганман. Юз йилдан зиёд тарихга эга “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари халқимизга зиё улашиб келмоқда. 

Газета ҳар бир даврнинг залворли чиғириқларидан ўтди. Бу даргоҳда не-не алломалар қалам тебратмади, дейсиз. Бир асрлик муддат тарих учун қисқа вақтдир, аммо шу даврда “Зарафшон” газетаси халқимизга маърифат ва маънавият улашиб келмоқда.

- Таҳририятимиз қошида “Зарафшон кутубхонаси” рукни остида “Журналистлигингни ташлама, болам”, “Тарбия тақани тўғрилайди”, “Янгича яшаш нима?” каби китоблар нашр эттирдик, - деди “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти муҳаррири Фармон Тошев. – Ушбу китобларнинг аксарияти журналистларимиз қаламига мансуб. Бу китоблар олийгоҳлардаги журналистика факультети талабаларига ўқув қўлланма бўлиб ҳам хизмат қилади. Шунингдек, газеталаримизнинг 110 ва 105 йиллигига бағишланган "Анқабой Худойбахтов ким эди?", "Зарафшон" муҳаррирлари", “Самарқанд академиклари”, "Зарафшон" - қадрдон даргоҳим" каби китоблар чоп эттирдик. Бу ишларимиз авлодларимиз учун тарих бўлиб қолади. 

Тадбирда сўзга чиққанлар газета тарихи билан боғлиқ хотираларни ёдга олди.

- “Зарафшон” газетасини илк бор бобомиз ўз уйида “Самарқанд” номи билан чоп этган, - деди Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг эвараси Шоҳрух Беҳбудий. – Бошида ўзлари ҳам мухбир, ҳам мусаҳҳиҳ, ҳам муҳаррир бўлганлар. У вақтда газета чоп этиш учун ҳозиргидай замонавий дастгоҳлар бўлмаган. Бобом қўйган тамал тоши мана, бир асрки давомийлигини сақлаб келяпти. Биз, фарзандлар бобомизнинг хайрли ишлари билан фахрланамиз.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов тадбирда сўзга чиқиб, Маҳмудхўжа Беҳбудий билан боғлиқ янгиликни айтди.

- Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг уй-музейи 2024 йилда кенгайтирилади. Шунингдек, айни пайтда 1919 йилда М.Беҳбудий қатл этилган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида унинг қабрини топиш ишлари бошланган.

Тадбирда “Зарафшон” газетаси мухбири Дилмурод Тўхтаев, реклама бўлими бошлиғи Даврон Тўрабоев, бош муҳаррир ўринбосари Анастасия Павленко, матн терувчи Элвира Ражабовалар вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва совғалар билан тақдирланди.

Шунингдек, газетанинг собиқ муҳаррирлари Ҳабиб Темуров, Музаффар Муқимов, жамоатчи мухбирлардан Мамаюнус Пардаев, Худойберди Комилов, Илаш Абдиев, Тарас Каримов, Алексадр Галлак, Анатолий Ионесов каби журналистлар ҳамда таҳририят билан яқинлан ҳамкорлик қилаётган ташкилот ва корхоналарга “Зарафшон” газетасининг ташаккурномалари топширилди.

Тадбирда “Зарафшон кутубхонаси” туркуми остида чоп этилган китоблар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.