Харид чекини сўрашдан уялмайман!

-Аъло, бу “Истеъмолчи” ташкилотими? Арзим бор эди, бозордан дазмол сотиб олувдим. Бир ойгина ишлаб бузилиб қолди. Дўконга олиб борсам, қайтариб олишмади. Биздан олмагансиз, дейишяпти! Буни исботлаб беролмаяпман, ёрдам беринг!!!”
-Маҳсулотни сотиб олганингизда харид чеки, кафолат хати беришмаганмиди?
-Қанақа чек, қанақа кафолат хати, у нега керак?
Тан олиш лозим, баъзан шундай вазиятлар ҳам учраб туради. Ўзбекчилигимизга, соддалигимизга борамизми, қоидаларга эътибор бермасликка одатланиб қолганмиз. Агар харидор маҳсулотни харид қилган жойдан юқоридаги ҳужжатларни олганида, бу ташвишлар бўлмаслиги аниқ эди. Маҳсулотнинг ҳужжати бўлмаса, кимга, нимани, қандай қилиб исботлайсиз? Кафолат хати маҳсулотни кафолат муддати давомида бузилиб қолса, бепул сервис хизмати имконини берса, харид чеки эса, маҳсулотнинг сифатини таъминлаб, ёқмаса, алмаштириб олиши мумкинлигини англатади.
Бу масаланинг оддий, маиший томони эди. Вазиятга бошқачароқ, юқорироқдан назар ташласак нима бўлади? Тадбиркор дўконига касса аппарати, терминал ўрнатмаса, буни харидор талаб қилишни ўрганмаса, бунинг натижаси ўлароқ давлат иқтисодиёти оқсайверадими? Бюджет тушумининг камайишига, хуфёна иқтисодиётга йўл очадиган бу каби арзимасдек туюладиган хатти-ҳаракатларимиз аввало “ўз оёғимизга ўзимиз тушов солишимиз” эмасми? Даромад манбаини яширган тадбиркорнинг ҳалоллигига ишониш мумкинми? Солиқчилар харид чекига антиқа таъриф беришган - ҳар бир харид чеки бюджетга тушаётган томчи кабидир. Тома-тома кўл бўлар, дейишади, ахир!
Мақсадларимиз катта - юртимизни обод қиламиз, йўлларни таъмирлаймиз, турмуш шароитларимизни яхшилаймиз деймиз. Ниманинг ҳисобига? Бунинг учун маҳаллий бюджетда даромад етарли бўлиши керак эмасми?
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, бир кунда неча марта дўконга кирасиз? Ёки саволни бошқачароқ берайлик – бир кунда неча сўмлик харидларни амалга оширасиз? Кўпчилигимиз харид чекига юқоридаги фуқаро сингари паст назар билан қараймиз! Мана, муаммонинг илдизи қаерда!
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг ташаббуси билан вилоятда ўтказилаётган “ХАРИД ЧЕКИНИ ТАЛАБ ҚИЛИБ ОЛИНГ!” акциясидан кўзланган мақсад ҳам тадбиркорга ўз масъулиятини яна бир бор ҳис эттириш, истеъмолчиларга эса ҳуқуқларини яна бир карра эслатиб қўйишдан иборатдир.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмаси мутасаддилари бугун жойларда мазкур лойиҳанинг мазмун-моҳияти хусусида тушунтириш, ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга оширишмоқда. Зеро, бир оддийгина хатти-ҳаракатимиз замирида юртимиз фаровонлиги, маҳаллаларимиз, хонадонларимиз ободлиги кафолати яширинган. ТОРТИНМАНГ, УЯЛМАНГ, ХАРИД ҚИЛДИНГИЗМИ, ЧЕКИНИ СЎРАНГ! Зеро, сиз бу ишингиз билан фидойи, ватанпарвар фуқаро эканлигингизни, юртингиз келажаги учун қайғуришингизни исботлайсиз!
Гулчеҳра Бердиёрова.