Хат таҳрирсиз босилмоқда: Масъулиятсизлар жавоб бермайдими?

Конституциямизнинг 2-моддасида «Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар», деб ёзилган. Аммо биз ўзимиз яшаётган жойда бу нарсани сезмаяпмиз.

Бир неча йиллардан бери туман раҳбарларига ёзавериб чарчадик. Аммо маҳалламиз аҳлини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлашда ҳеч ўзгариш бўлмаяпти. Ҳамма раҳбар масъулиятни бир-бирига ташлаб қутилади. Муаммо ечимини ҳеч ким ўз гарданига олмайди.

Мисол учун, 16-17 октябрь кунлари Обод маҳалласига уч ой деганда (аниқроғи, 93 кунда) суюлтирилган газ баллонлари келтирилди. Навбат билан олиш ўрнига рўй берган тартибсизликни кўрсангиз эди. Одамларда айб йўқ. Чунки ҳамма газ баллони олишдан яна қуруқ қолиб кетишдан қўрққанди.

Буниси ҳолва. Газ баллони ортилган машинага битта баллон нархи 22 минг 400 сўм деб ёзиб қўйилган. Лекин тақсимловчилар уни 28-30 минг сўмдан тарқатишди. Баъзилар газ олганига хурсанд бўлиб нархига ҳам эътибор беришмади. Биз баллон нархини суриштирганимизда «Бизга бошлиғимиз шу нархда сотасан, деган», дейишди. Қизиғи шундаки, шундай ҳолат бўлишини билишса-да, бу жараёнда на маҳалла оқсоқоли, ну участка нозири иштирок этишмади. Бундай коррупцион ҳолат бўйича туман раҳбарларига ёзган хатларимиз жавобсиз қолиб кетаётир.

Ҳурматли таҳририят!

Бизнинг бир саволимизга жавоб топишда ёрдам берсангизлар. Самарқанд туманидаги Обод маҳалласида суюлтирилган газ таъминотида қачон тартиб ўрнатилади?

Шариф АҲМЕДОВ,

Раззоқ АБДУНАБИЕВ,

Аслом МУҚИМОВ ва бошқалар.

Жами 17 имзо.