Хитой иқтисодиёти яна ўса бошлади

Коронавирус пандемияси даврида жаҳонда биринчи бўлиб Хитой иқтисодиёти ўсиш кўрсаткичларини намоён қила бошлади.

2020 йилнинг иккинчи чорагида Хитой ЯИМ ўтган йилнинг шу даврига қараганда 3,2 фоизга ўсган. Чорак давомида энг юқори ўсиш кўрсаткичи қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларида кузатилган.

«Миллий иқтисодиётимиз эпидемиянинг салбий таъсирини енгиб ўта бошлади», - дея хабар беради Хитой Статистика бюроси. – Айниқса, чакана савдо кўрсаткичлари йилнинг биринчи чорагига нисбатан бироз қисқарган бўлса-да, аммо соҳада тикланиш белгилари намоён бўла бошлади.

Reuters ўтказган сўровда таҳлилчилар Хитой ЯИМ иккинчи чоракда 2,5 фоизга ўсишини кутаётганини кўрсатган эди. Мазкур агентлик июнь ойида Хитойда импорт кўрсаткичи шу йил учун илк марта ошган, бунга қурилиш материалларига нисбатан пайдо бўлган талаб сабаб бўлганини қайд этган эди. Қўшни давлатларда ҳам чекловларнинг босқичма-босқич енгиллаштириб борилиши мамлакат экспортининг ўсишига туртки бўлган.

Шундай бўлса-да, бу йил Хитой иқтисодиёти тарихида энг паст ўсиш кўрсаткичи қайд этилади, деб ёзади «Reuters» агентлиги.