Хитойда уйғурларни "таниб олишда" сунъий интеллектдан фойдаланишмоқда
Хитойда юзни таниш технологиясини миллий озчиликларни аниқлашга созлашмоқда. The New York Times'га маълум бўлишича, Хитой ҳукумати камида 16 та вилоятда шундай cунъий интеллект тизимларини яширинча синовдан ўтказмоқда, деб ёзади minbar.uz.
Алгоритмни Хитойнинг CloudWalk стартапи ишлаб чиққан. CloudWalk веб-сайтида айтилишича, агар ушбу тизим фаолият кўрсатаётган ҳудудда "ўзга" миллат вакили истиқомат қилаётган бўлса ва 20 кун ичида уникига 6 та миллатдоши келса тизим полицияга сигнал беради.
"Ўзга" миллат деганда, Хитойда кўпинча кўриниши хань миллатига мансуб хитойликлардан фарқ қилувчи ва ўзбекларга ўхшаб кетувчи уйғурлар тушунилади.
Хитойнинг кузатув камераларининг улкан тармоғига боғланган юзни таниш технологияси қиёфасига қараб фақатгина уйғурларни танлаб олади ва уларнинг кирди-чиқдисини полициянинг маълумотлар базасида сақлаб туради.
Шундай қилиб, Хитой ўз халқини кузатишда кейинги авлод технологияси ёрдамида автоматлашган ирқчилик даврини бошлаб бераётган илғор давлатлардан бирига айланмоқда.
Аввалроқ Хитойда масжид ва интернет кафега борувчи кузатувдаги миллионлаб одамларнинг маълумотлари интернетга чиқиб кетган эди. Хитойда одамларни кузатишга ихтисослашган фирма асосан уйғурлар яшовчи Шинжонда 2,5 миллиондан ортиқ одамни кузатган экан.
Уйғурлар асосан, Хитойнинг Шинжон вилоятида яшовчи мусулмон этник озчиликдир. Улар вилоят аҳолисининг 45 фоизини ташкил қилади.
Шинжон расман автоном регион ҳисобланади, аммо, йилларки, ҳукумат томонидан босим ва қатағонга учраб келади.
Ўтган бир неча ойдан буён Шинжон вилоятида уйғурлар ва бошқа мусулмон этник озчиликлар янада кўпроқ ҳибсга олинаётгани тўғрисидаги хабарлар тўхтамаётир.
Бу ҳибслар Хитой ҳукумати томонидан диний экстремизмга қарши кураш ниқоби остида олиб борилаётгани айтилади.