Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Украинадаги можаро якуний босқичда. Гепатит вирусининг келиб чиқиши аниқланди
🔹 Сурия Башар Асад президентликдан кетганидан кейин ҳозирги янги ҳукумат ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган курд кучлари ўртасида фуқаролик уруши бошланиши мумкин, деб ёзади Washington Post. Курдларнинг мустақиллик эълон қилишга уриниши Суриянинг янги расмийларининг кескин қаршилигига сабаб бўлиши аниқ. Шунингдек, бу Туркияни Сурия можаросига янада кўпроқ жалб қилиши мумкин.
🔹 Украина можароси якуний босқичда, деб хабар беради New York Times. Ҳозирда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш эҳтимоли ҳар қачонгидан юқори. Украина армияси ёздан бери аскарларнинг кескин тақчиллигига дуч келмоқда, бу эса Украина Қуролли кучлари учун жиддий қийинчиликлар туғдиради. Худди шундай ҳолат — аскарлар тақчиллиги Россия армиясида ҳам қайд этилган.
🔹 Исроил ва ҲАМАС ўртасида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар янги босқичга кўтарилди, ҲАМАС вакилининг таъкидлашича, томонлар “мисли кўрилмаган ютуқларга” эришган. Асосий келишмовчиликлар озод этилиши режалаштирилган гаровга олинганлар сони, шунингдек, озод этиладиганларни танлаш мезонларига тегишли.
🔹 Жанубий Корея президентига импичмент бўйича биринчи тинглов 27-декабрда бўлиб ўтади. У конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган фитнада гумон қилиниб, тергов қилинмоқда.
🔹 Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Казем Ғарибободийнинг айтишича, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳуга қарши уруш жиноятларида айбланиб, ўлим жазоси қонуний жиҳатдан мумкин. Бу ҳақда Эрон олий раҳбари Али Хоманаийнинг расмий сайтида айтган.
🔹 Вирусолог, эколог ва зоологлардан иборат халқаро гуруҳ гепатит Е вирусининг эволюцион келиб чиқишини аниқлади. Тадқиқот натижаларини Proceedings of the National Academy of Sciences журнали эълон қилди. Олимлар сутэмизувчиларнинг геномик маълумотлар базаларида вирус генларини топишди. Шунингдек, Лотин Америкаси, Осиё ва Африкадаги 108 турдаги ҳайвонлардан тўпланган 2,5 мингдан ортиқ жигар намуналарини ўрганишди. Тадқиқот одамлар билан боғлиқ бўлган гепатит Е вируси кемирувчиларда узоқ эволюцион илдизларга эга бўлган туёқли ҳайвонларда пайдо бўлиши мумкинлигини кўрсатди.