Хусусий клиникалар “COVID-19”га чалинган беморларни даволаш стандартини бузса, лицензияси бекор қилинади
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб ўтган “COVID-19” инфекциясини аниқлаш ва даволашда қатнашаётган хусусий тиббиёт муассасаларининг вакиллари иштирокидаги йиғилишда қайд этилди.
Маълум қилинишича, пойтахтимизда жами 14 та хусусий клиника коронавирусга чалинган беморларни қабул қилмоқда. Шулардан фақат 7 таси даволашни бошлаш учун санитария-эпидемиология қоидалари ва даволаш стандартларига риоя қилиш бўйича Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси билан шартнома имзолаган.
“COVID-19” инфекциясини даволаётган хусусий тиббиёт ташкилотларининг аксариятида зарур тиббий асбоб-ускуналар етишмайди, тегишли мутахассислар мавжуд эмас. Улар орасида санитария-эпидемиология қоидаларига ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган стандартларга риоя қилмасдан иш юритаётганлари мавжуд.
Йиғилишда хусусий тиббиёт ташкилотларининг коронавирусга чалинган беморларни даволаш билан боғлиқ фаолиятини мониторинг қилиб бориш, даволаш стандартларини бузган хусусий клиникаларга нисбатан қатъий чоралар кўриш, шу жумладан, уларнинг лицензияларини бекор қилиш бўйича судларга даъво аризаларини киритиш бўйича топшириқлар берилди.