Янги китоб: "Самарқандга борсам мен агар..."
Абдурауф Қоржовов - пайариқлик моҳир публицист, тажрибали мухбир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
У кўп йиллар “Ўзбекистон овози” (“Совет Ўзбекистони”) газетасида ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг "Ахборот" дастурида фаолият юритган. Шунинг учун ҳам Абдурауф Қоржововни кўпчилик танийди.
Афсуски, у қалами айни қайралган, ўткир мавзуларда мақолалар ёзаётган чоғида, шу йилнинг май ойида 68 ёшида вафот этди. Абдурауф ака ўша пайтларда қўлингиздаги "Самарқандга борсам мен агар..." китобини ёзишни бошлаган эди. Ҳамкасблари - "Янги Ўзбекистон" газетаси муҳаррири, ходимлари ва дўстлари унинг ушбу китобини охирига етказишди. Китоб яқинда ўзи танлаган сарлавҳа билан Тошкент шаҳридаги "SAHHOF" нашриётида босмадан чиқди.
Китобдан муаллифнинг "Янги Ўзбекистон" газетасида чоп этилган сара мақолалари жой олган. Бу мақолалар уни ўқиган ҳар қандай киши Абдурауф Қоржововнинг журналистика соҳасидаги маҳоратини ҳис этади. Муҳими, ушбу рисола иқтисодий мавзуда мақола ёзишни ният қилган ёш мухбирлар учун қўлланма вазифасини ўтайди.