Янги йилга яна ПУЛ йиғамизми?
Ҳар йили Янги йил байрами арафасида айрим мактабларда пул йиғиш тадбири бошланади. Аввалига болаларга совға учун, кейин ўқитувчисига ота-оналар томонидан пул йиғилади.
Олдинлари бу тадбир бироз қийинроқ эди, аммо кейинги йилларда телеграм пайдо бўлди-ю, ҳар бир синф ота-оналари ўзлари учун группа ташкил этди. Ана шу группада ота-оналар ҳар бир байрам борми, ўқитувчининг туғилган куними, ўзаро маслаҳатлашиб, пул йиғишади.
Тўғри, беш қўл баравар эмас, ҳамма ота-она ҳам синф фонди, мактаб фондидан ортиб яна байрамга пул беришга қурби етмайди. Аммо бундай ота-оналар кўп ўтмай хато қилганини сезиб, индамай келишилган пулни берадиган бўлади. Сабаби, ота-оналар томонидан тузилган комиссия қайси боланинг ота-онаси пул бермаса, ўшанинг исмини ўқитувчиси, яъни синф раҳбарига ёзиб беради. Шундан сўнг ўқитувчи ўзини “ҳурмат қилмаган” ота-онанинг фарзандига қўпол муомалада бўла бошлайди, ҳатто ўқувчининг баҳолари ҳам негадир пасайиб кетади. Қарабсизки, ота-она фарзанди учун қийналса ҳам пул топиб берадиган бўлади.
- Бошида мана шу "йиғ-йиғ"лар учун анча курашдим, пул бермадим, - дейди оналардан бири. - Фарзандим Самарқанд шаҳридаги 33-мактабга боради. Қарасам, пул бермасам, ўқитувчиси боламга эътибор бермай қўйди. Мажбур бўлиб, байрамларда пул берадиган бўлдим. Мана, масалан, янги ўқув йилидан буён "йиғ-йиғ"ларнинг кети узилгани йўқ. Аввалига “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”га, кейин синф фонди, мактаб фонди учун пул йиғдик. Яқинда 50 минг сўмдан Янги йил байрамига болаларга совға олиш учун пул йиғдик. Ўқитувчисига энди алоҳида йиғар эканмиз.
Суриштирувимиздан шу хулосага келдикки, Самарқанд шаҳрида байрамларга 50 минг сўмдан пул йиғилса, туман мактабларида 25-30 минг сўмдан йиғилар экан. Ота-оналарнинг қаттиқ илтимосига кўра, уларнинг исм-фамилиясини келтирмадик.
Бизни қувонтиргани айрим мактабларда умуман пул йиғиш тадбири тўхтатилган эмиш. Буни ҳам ота-оналар айтишди. Масалан, Самарқанд шаҳридаги 24-умумий ўрта таълим мактабида ота-оналар ташаббус қилса ҳам, ҳеч қандай пул йиғилмас экан. Биз ушбу мактабнинг директори ким эканини билмаймиз, аммо ким бўлган тақдирда ҳам пул йиғишни тўхтатиш имкони бор экан-ку! Нега бошқа мактаб директорлари бундай ноқонуний ишларга йўл очиб, кўриб-кўрмасликка олади? Хўш, бу йилги Янги йилга яна пул йиғамизми?
Хуршида Эрназарова.