Ёпиқ фондлардаги “мутлақо махфий” маълумотлар асосида ёзилган китоблар

“Туркистон 1917 йилда муҳим сиёсий ўзгаришлар арафасида турарди. Минтақа халқлари Россия империясининг эллик йиллик мустамлакачилик зулмига қарши тинимсиз равишда миллий озодлик курашини олиб борди. Дастлаб маърифатпарварлик ҳаракати сифатида вужудга келган жадидчилик Туркистон тақдири ҳал қилинаётган бу паллада Туркистон халқини ғоявий жиҳатдан бирлаштирувчи куч сифатида майдонга чиқди.

Аммо Туркистон Мухторияти ҳукуматининг 1918 йил февраль ойида совет режими томонидан қонга ботирилиши маҳаллий халқларни жунбушга келтирди. Минтақа туб аҳолисининг тинч йўл билан ўз тақдирини ўзи ҳал қилиши ва миллий мустақилликка эришиш ҳуқуқи большевиклар томонидан рад қилингач, улар мустақилликка эришиш учун қуролли кураш йўлини танлашларига тўғри келди. Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан 1918 йил бошларида ўртага ташланган «Ҳақ олинур, берилмас!» шиори бутун миллатнинг жанговар чақириғига айланди.

Афсуски, мустақиллик учун олиб борилган озодлик ҳаракатлари босмачилик ҳаракати номи тарихда қолди”.

Ушбу жумлалар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабовнинг “Туркистон минтақасида совет режимига қарши истиқлолчилик ҳаракати ва моҳияти (1918-1935 йиллар)” китобидан ўрин олган. Китобнинг дастлабки саҳифаларини ўқир экансиз, Ватанимизнинг мустақиллиги йўлидаги 100 йилдан ортиқ давом этган кураш ҳақиқатини очиш, уни рўй-рост халқимизга етказиш йўлидаги мақсади ва меҳнатини эътироф этасиз.

Олимнинг “Фан” нашриётида 2022-2025 йиллар давомида чоп этилган  “Ўзбекистон ССРда совет режимининг қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари (1917–1991)”, “1924:Туркистоннинг парчаланиши” ҳамда икки жилдлик “Туркистон XX асрда” номли китоблари ҳам бугунги куннинг катта воқеаси бўлди.

Бир-бирини тўлдирувчи ушбу китобларда Туркистон минтақасида совет режимига қарши умумхалқ ҳаракатининг ғоявий-сиёсий илдизлари ва озодлик ғояларининг кучайиб бориши, совет режимига қарши қуролли ҳаракатнинг моҳияти очиб берилган, минтақадаги қуролли ҳаракатнинг асосий ривожланиш босқичлари ҳудудий ва хронологик тартибда таҳлил этилган.

Асарнинг жадидлар ва тараққийпарварлар - истиқлолчилик ҳаракатининг ғоявий раҳнамолари қисмида Мустафо Чўқай, Носирхон Тўра, Садриддинхон Шарифхўжаев, Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Тўрақул Жонузоқов, Усмон Хўжа, Амир Саид Олимхон, Аҳмад Заки Валидий Тўғон каби шахсларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки билан боғлиқ фикрлар мазкур китобнинг қийматини янада оширган.

Асарнинг Ўрта Осиё республикаларида совет режимига қарши қуролли кураш деб номланган қисмида Ўзбекистон ССРда истиқлолчилик ҳаракатининг сўнгги босқичи ва унинг ўзига хос жиҳатлари, хусусан, Фарғона водийси, Самарқанд вилояти, Бухоро ва Ўрта Зарафшон округлари, Қашқадарё ва Сурхондарё воҳаларидаги жанглар ёритилган. Шу билан бир қаторда, Тожикистон, Туркманистон, Қорақалпоғистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда совет ҳокимиятига қарши курашнинг кучайиши сабаблари, асосий жанглар, етакчи кураш раҳбарларининг фаолияти ва мағлубият сабаблари кенг таҳлил этилган.

Ушбу асарлар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясида сақланаётган архив ҳужжатлари, ёпиқ фондлардаги “мутлақо махфий” маълумотлар ҳамда ўша давр матбуоти материаллари асосида холис ва ҳаққоний ёзилган. Айтиш мумкинки, ушбу китоблар тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг бутун илмий фаолияти маҳсулидир.

Сулаймон Мардиев.