Йўқолган ёки ташлаб юборилган сим картадан пластик картага уланиб олишлари мумкин: Паст Дарғомда шу йўл билан бировнинг пули ечиб олингани аниқланди
Паст Дарғом туманида яшовчи 48 ёшли Ю.Б. мурожаат қилиб, ўзига тегишли бўлган мобил телефон қурилмасини йўқотиб қўйганлиги ва банк картасидан 2.220.000 сўм пуллари номаълум шахс томонидан ечиб олинганлигини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳар Юнусобод туманида яшовчи 32 ёшли Р.К. содир этганлиги аниқланган.
Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган, Р.К. жабрланувчи мобил телефон қурилмасини топиб олгач, ундаги "SIM-карта"ни ўз мобил телефонига фаоллаштирган ҳолда банк картаси бошқарувини қўлга киритиб, ушбу жиноятни амалга оширганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.