Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Ёшлар мураббийси”: Оқил, доно, фариштасифат, ғамхўр кексалар бу мақомга эга бўла олади

Бу гап бугун Самарқанд шаҳрида нуронийлар ўртасида ўтказилган “Ёшлар мураббийси” кўрик-танловининг вилоят босқичида кўп такрорланди.

- Бундай танловларни ташкил қилишдан мақсад кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш, - деди дастлаб вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг кексалар ва фахрийлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Саидаҳмад Усмонов. – Шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига ҳурмат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фаолияти давомида юзага келаётган муаммоларини ҳал қилишда нуронийлар фаоллик кўрсатиши керак.

Танловда вилоятимизнинг 16 та туман (шаҳар)идан келган 32 нафар отахон ва онахон учта шарт бўйича беллашди.

Биринчи шартда иштирокчилар маҳаллаларида амалга оширилган ишларнинг тақдимоти билан таништирди. Иккинчи шартда ёшлар ўртасидаги муаммоли саволларга жавоб берилди ва сўнгги шартда ҳар бир нуроний ёшлар билан самарали мулоқот олиб бориш бўйича ижодий салоҳиятини намойиш қилди.

Иштирокчиларнинг ҳар бир чиқиши вилоятнинг фаол жамоатчи нуронийлари ва фахрийлари томонидан баҳолаб борилди.

Якунда нарпайлик Бозор Ҳасанов биринчи, Каттақўрғон шаҳридан Баҳриддин Шамаматов иккинчи ва булунғурлик Жумақул Қулматов учинчи ўринни қўлга киритди.

Онахонлар ўртасида эса булунғурлик Норбуви Умарова биринчи, пахтачилик Зебо Мирзаева иккинчи ҳамда Каттақўрғон шаҳридан Башорат Тешаева учинчи ўринни эгаллади.

Танлов сўнгида ғолиблар ва фаол нуронийларга маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг диплом, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалари топширилди.