“Юқори нуқта”да ноқонуний олиб кетилаётган 24 тонна металл парчалари аниқланди
Вилоят божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Булунғур туманида қора металл парчаларининг ноқонуний айланувига қарши курашиш бўйича тезкор тадбир ўтказилди.
Тезкор маълумотларга асосан, Булунғур тумани “Юқори нуқта” йўл патрул хизмати масканида ўтказилган тезкор тадбирда “Навоий-Сирдарё” йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган юк автомашинаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган. Натижада автотранспорт воситасининг юкхонасидан ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, қиймати 60 миллион 300 минг сўмлик, оғирлиги 24 тонна 134 килограмм бўлган қора металл парчалари борлиги аниқланиб, вақтинча сақловга олинган. Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий иш юритилмоқда.
Маълумот учун, вилоят божхона бошқармаси томонидан жорий йил бошидан ҳозиргача қиймати 688 миллион сўмдан зиёд, 78 тоннага яқин рангли ва қора металл парчалари ушлаб қолинган, дея хабар беради вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати.