Заҳарланган нон
Бир камбағал аёл ҳар куни эрталаб иккита нон пиширар экан. Биттасини оила аъзолари учун қолдирар, иккинчисини эса ўтиб кетаётган ҳар қандай муҳтож йўловчи уни олиши учун деразанинг ташқаридаги токчасига қўяр экан.
Нонни токчага қўятуриб, аёл яхши ҳаёт изидан чиқиб кетган ва бир неча ой давомида ундан хабар бўлмаган ўғлини соғ-омон қайтиши сўраб дуо қиларди.
Кўп ўтмай аёл ҳар куни бир букри одам келиб, токчадаги нонни олиб, миннатдорчилик билдириш ўрнига “Қилган ёмонлигингиз ўзингизда қолади, яхшилигингиз ўзингизга қайтади!”, деб минғиллаб, йўлида давом этишини кузата бошлабди.
Бу ҳодиса кундан кунга давом этар, аёл кутилган миннатдорчилик сўзларини ололмай, ўзини ҳақоратланган каби ҳис қила бошлабди. Бир куни “Бу бадбахт ҳар куни бир нарсани такрорлайверади, у нимани назарда тутар экан, - деган хаёлга бориб, аёл ғазабланибди ва иккинчи нонга заҳар қўшиб қўйибди. - Мен бу букридан қутуламан”.
Нонни дераза токчасига қўймоқчи бўлганида, унинг қўллари титраб кетибди. “Нима қиляпман, ахир?”, ўйланиб қолибди у. Дарҳол заҳарланган нонни оловга ташлаб, бошқасини пишириб яна токчага қўйибди.
Аёлнинг ичида ғазабланган ҳис-туйғулардан бехабар букри одатдагидек, нонни олиб “Қилган ёмонлигингиз ўзингизда қолади, яхшилигингиз ўзингизга қайтади!”, деб ўзининг ўзгармас сўзларини тўнғиллаб, йўлида давом этибди.
Ўша куни кечқурун кимдир эшикни тақиллатибди. Эшикни очган аёл ниҳоятда оч, юпун, заифлашган ва йиртиқ кийимдаги ўғли турганини кўрибди.
- Онажон, менинг бу ерга келиб қолганим мўъжиза! Мен уйдан атиги бир чақирим нарида эдим, лекин очлигимдан ҳушимдан кетибман. Эҳтимол, ўлган бўлар эдим, лекин шу пайт қандайдир қари букри одам келиб, менга меҳрибонлик қилди. Кун давомида унинг ягона овқати шу нон эканлигини ва мен ундан кўра кўпроқ муҳтожлигимни айтиб, уни менга едирди.
Бу сўзларни эшитган онанинг юзи оқариб кетди ва йиқилмаслик учун эшикка суянди. Эрталаб ўзи заҳарлаган нонни эслади. Ахир, агар уни оловга ташламаганида ўғли ўлиши мумкин эди. Шунда аёл букри киши айтган сўзларнинг маъносини тушуниб етди: “Қилган ёмонлигингиз ўзингизда қолади, яхшилигингиз ўзингизга қайтади!”.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.