Замонавий журналист қандай бўлиши керак?
Ҳар қандай соҳа ривожланиши учун замон билан ҳамнафас бўлиши лозим, хусусан, журналистика ҳам. Янги жанр ва йўналишлар, атамалар, миллионлаб аудиториянинг эътиборида бўлган замонавий техника ва технологиялар ҳақида билмас эканмиз, маҳаллий даражадаги ютуқлар билан қувониб юраверамиз. Оқибатда ён-атроф, узоқ-яқин минтақаларда кечаётган жараёнлар, ҳатто маҳаллий янгиликлар ҳам ташқаридан кўпроқ олинади. Бу эса турли хавфларни оширади. “Янги медиа таълим маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти директори, журналист Беруний Алимов билан суҳбатимиз шу мавзуда бўлди.
— Беруний Алимов замонавий журналистика, деганда нимани тушунади?
— Замонавий журналистика ҳар бир ўқувчининг дидига жавоб бера олиш имкониятидир. Шу билан бирга, у аудиториянинг истак ва эҳтиёжларини аниқлай билиш, ижтимоий фикрни тўғри йўналтириш кучига эга бўлиши керак.
Бугун миллий журналистикамиз ҳам жаҳон журналистикасининг таркибий бўғини сифатида улкан медиа оқимда кетмоқда. Лекин биз бу мураккаб жараёнда, хусусан, замонавийлик ортидан қувиб, журналистиканинг миллий моделини унутиб қўймаслигимиз керак. Ўзбек журналистикаси шу кунгача 150 йиллик даврни босиб ўтган бўлса, у доим ўзининг миллий қиёфасини кашф этишга ҳаракат қилган ва бугунги кунда ҳам бу жараён давом этяпти. Бунда Шарқ халқларига хос минталитетимиз, турмуш тарзимиз, анъаналаримиз, мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришларга муносабатимиз, миллий контент, медиа имиж сингари жуда кўп омиллар инобатга олинади.
— Миллий журналистикамиз «замонавий» мақомга қанчалар яқин?
— Биласизми, миллий журналистикамизнинг замонавий журналистикага қанчалар яқин ёки яқин эмаслигини кўплаб таҳлиллар кўрсатиб турибди. Масалан, биз қай даражада очиқмиз, очила оляпмизми, сўз эркинлиги ҳақида кўп гапирилади, унга эришиляптими? Шу саволларнинг жавоби вазиятни ойдинлаштиради.
Бугунги кунда юртимизда цензура йўқ дейилгани билан ички цензурамиз сақланиб қолган. Табу қўйилган мавзулар йўқ деб айта олмаймиз. Ўз навбатида соҳада ривожланиш ҳам бор. Шу нуқтаи назардан, миллий журналистикамизга «очилаётган», замонавий журналистикага яқинлашишга ҳаракат қилаётган журналистика, дея баҳо берган бўлар эдим.
— Бугун жамиятда журналист ва блогерларнинг ўрни мустаҳкамми? Икки-уч йил олдинги шижоат йўқолгандек кўринмаяптими?
— Журналист ва блогерларнинг жамиятимиздаги ўрни ўтган даврдагига нисбатан, буни тан олишса ёки олишмаса ҳам, анча юқори деб ҳисоблайман. Тўғри, икки-уч йил олдинги вазият билан солиштирганда, уларнинг фаоллиги бир оз сусайгандек кўриняпти, лекин танганинг иккинчи тарафи шундаки, бугунги журналистиканинг қиёфаси ўзгаряпти. Яъни, ҳозир нафақат матнлар, балки визуал контентларни ривожлантириш устида кўпроқ ишланяпти. Мисол учун, илгари мавзуни ёритишда «лонгреад», яъни, жадвал услуби кам ишлатилган бўлса, ҳозир бунинг акси. Демак, биз услубий жиҳатдан ўзгаряпмиз. Қайсидир маънода буни соннинг ўрнига сифат ошиши дейиш мумкин.
Мен сизнинг фикрингизни ҳам маълум маънода қўллаб-қувватлайман. Миллий блогосфера, босма матбуотда умумий фаоллик тушгани рост. Мисол учун, ҳар ҳафта нашр қилинадиган айрим газеталаримиз ойда бир маротаба чиқяпти, баъзилари умуман ёпилиб кетиш арафасида. Лекин бу билан соҳа ёки журналистиканинг тақдири ҳақида хулоса қилиб бўлмайди. Ўша 150 йиллик тарихда ҳам бир маромдаги фаолият кузатилган. Бугун яхши, эртага ёмонроқ, келажакда аъло бўлиши мумкин. Журналистлар ҳеч вақт таслим бўлмаган ва доимо ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилган. Журналистика ёпиқ «парда»ларни очади, ундаги ҳақиқат ҳаммага ҳам, ҳар доим ҳам ёқмаслиги мумкин, аммо биз шу соҳани танладикми, уни оёққа турғизиш учун астойдил ҳаракат қилишдан тўхтамаслигимиз, ички шижоатни йўқотиб қўймаслигимиз керак.
Биринчи саволингизга қайтсак, биз бир неча йилдан бери кутилаётган муҳим ҳужжат - “Ахборот кодекси” қабул қилиниши арафасидамиз. У соҳага оид 8 та қонун ҳужжатини умумлаштиради ва шундан кейин ҳамкасбларимизнинг жамиятдаги ўрни қонуний жиҳатдан янада мустаҳкамланади деган умиддаман.
— Журналистларни соҳадаги янгиликлар билан таништириш, малакасини ошириш учун турли семинар ва тренинглар ўтказиб келинади. Хусусан, Сиз раҳбарлик қилаётган ташкилот бу борада катта лойиҳаларга қўл урмоқда. Аммо семинарларда иштирок этган ҳамкасбларимизнинг барчаси ҳам олган янги билимларини амалиётда қўллай оляптими?
— Янги Медиа таълим марказимиз ташкил этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Биз фақат марказий эмас, асосан, вилоят, туман, чекка ҳудудлардаги оммавий ахборот воситалари фидойиларининг касб маҳоратини оширишга кўмак беришга ҳаракат қиляпмиз. Албатта, турли ҳолатлар бўлади. Шундайлари борки, биз кутганимиздан кўра яхшироқ самара берган. Бу жойларда ишлаётган ОАВ вакилларининг ёши ёки жинсига ҳам боғлиқ масала эмас, асосий омил тингловчининг шахсий хусусиятлари ва интилиши ҳисобланади. Бу ҳолатни ҳар қандай таълим жараёнида кўриш мумкин. Кимдир тез ўзлаштиради, кимгадир эса бунинг учун вақт керак.
Тренингда берилаётган билим, хусусан, соҳада ишлатилаётган янги услуб ва технологиялар барча жойда бир хил қабул қилинишини кутиш ноўрин деб ўйлайман. Боиси янгиликни ишда қўллаш босқичма-босқич бўладиган жараён. Тўғри, тенгловчиларимизнинг барчаси ҳам бу имкониятдан тўлиқ фойдалана олмаётгандир, лекин биз ҳаракатни тўхтатмаймиз. Натижа меҳнатни талаб қилади.
— Биламизки, ташкилотлардаги матбуот котиблари Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан аттестациядан ўтказиб турилади. Балки журналистларни ҳам шундай синовлардан ўтказиб туриш керакдир, нима деб ўйлайсиз?
— Журналистларни ишга олишдан аввал касб маҳорати бўйича имтиҳон қилиш зарар қилмайди. Лекин бу имтиҳонни ўта марказлашган шаклда, вилоят ёки туман миқёсида бирор масъул ташкилотни белгилаган ҳолда ўтказиш керак деб ўйламайман. Айни жараён таҳририят ёки журналистларнинг ижодий уюшмаларида соҳанинг фахрийлари томонидан амалга оширилса ва унда асосий эътибор журналистик этикага қаратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Хориж тажрибасини оладиган бўлсак, Германияда ёш журналистларнинг касбий этикасини ривожлантиришга жиддий эътибор берилади. Агар ходим бунга амал қилмаса, у нафақат ўз таҳририятида ишдан олинади, балки бу давлатдаги бошқа ОАВ ҳам ишга ёлламай қўйиши мумкин. Яъни, у ерда касбий ривожланиш тизимли амалга оширилади.
— Шу кунларда қайси нашрлар ёки журналистларнинг фаолиятини кузатиб боряпсиз?
— Мен барча газета, телевидение, радио ва бошқа медиа воситаларини кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Боиси яхши материал қаерда берилишидан қатъи назар, ўз аҳамиятини ўзгартирмайди. Шу боис мен бирор таҳририятни алоҳида белгилай олмайман. Кўзатаётганим марказий, бирор тумандаги кичик нашр ҳам бўлиши мумкин. Масалан, «Зарафшон» газетасининг босма шаклини доим ҳам тополмасамда, сайтингиз орқали электрон шаклини кузатиб бораман. Агар унда чоп этилган бирор долзарб мавзудаги мақолани кўрмай қолсам, шогирдларим ташлаб беришади. Шундай экан яхши иш ва унинг муаллифи доимо эътибор марказимда бўлади.
— Босма нашрларга меҳрингиз бўлаклигини яхши биламиз. Нима деб ўйлайсиз, бизда ҳам улар ривожланган давлатлардаги сингари мавқега эришадими? Газетхонликни оммалаштириш учун нима қилиш керак?
— Биласизми, газетхонликни тиклаш масаласи жуда жиддий мавзу. Бу бўйича мен қарийб 10 йилдан бери ўз муносабатимни билдириб келаман. Қатор мақолалар ёздик, телевидение ва радиоларда чиқиш қилиб, бонг уряпмиз.
Хорижий сафарларда ҳам босма нашрларнинг ҳолатини ўрганишга ҳаракат қиламан. Шуни афсус билан айтишим керакки, нафақат Ўзбекистон, балки ривожланган хорижий давлатларда ҳам босма нашрларнинг адади камайган. Масалан, босма нашрлар бешиги ҳисобланган Буюк Британияда бу йилги сайловлардан кейин газета ва журналларнинг адади пасайиши тахмин қилинмоқда. Германиялик депутатлар билан суҳбатимиз давомида барча мураккабликларга қарамай газеталардаги мақолалар телевидение ва сайтлар учун тренд мавзуларни белгилаб бериши, яъни асосий масалалар газеталар орқали ёритилиши билдирилди.
Шу нуқтаи назардан айтишимиз мумкинки, миллий газетчилигимиз ҳам бош урғуни теша тегмаган мавзудаги таҳлилий мақолаларга қаратиши керак. Фақат шу йўл билангина улар ўз обрўйини сақлаб, жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаб бориши мумкин.
— Кўпчилик ОАВ ходимларининг касб байрами давлат томонидан эътироф этилишини ҳазм қила олмайди. Сиз бунга қандай қарайсиз?
— Журналистларнинг касб байрамига ҳукумат даражасида эътибор қаратилиши ёки айтайлик, давлат томонидан ОАВнинг қўллаб-қувватланиши, моддий кўмак берилишига қарши эмасман. Лекин журналистлар бу эътиборга тобе бўлиб қолмаслиги керак. Журналистикада молиявий менежмент яхши ривожланяпти ва бундан кўплаб таҳририятлар унумли фойдаланмоқда. Гап фақат анъанавий реклама тушириш амалиёти ҳақида эмас. Аксарият газеталар бизнеснинг қонун билан таъқиқланмаган бошқа йўллари орқали ҳам яхшигина даромад қилиб, ўзларини моддий жиҳатдан таъминлаётганини эътироф этиш керак.
— Беруний Алимовдан ёш журналистларга топ 5 маслаҳат:
— Ёш журналистларга асосий маслаҳатим, кўпроқ билим олинг! Сабаби профессионал журналист билан билимсиз журналист ўртасидаги фарқ бугун бўлмаса, эртага билиниб қолади.
Иккинчи маслаҳатим, касбга фидойилик бўлиши керак. Масалан, бирор қийин вазиятда қолинса, тушкунликка тушиш, таслим бўлиш керак эмас. Журналистиканинг табиати шундай, биз уни танладикми, курашишдан ҳеч қачон тортинмаслик ва тўхтамаслик керак.
Учинчидан, ижодкор бўлинг! Биз бошқа касб эгаларидан ижодкорлигимиз билан ажралиб турамиз. Ҳар қандай муаммо, ҳар қанақа мавзуни олиб чиқяпмизми, унга ижодий ёндашишимиз шарт. Яъни, ўз услубимизга эга ижодкор бўлишимиз лозим.
Тўртинчидан, ўз устимизда ишлашдан тўхтамаслигимиз керак. Масалан, шифокорларни олиб қарасак, улар йилига камида бир маротаба ўқишга боришади. Ўқитувчилар ҳам малака оширади. Лекин афсуски, журналистлар бунга жиддий эътибор бермаётганини кўряпмиз. Шундай экан, ҳар бир журналист йилига 2-3 марта, онлайн ёки офлайнми, фарқи йўқ, ўз билимларини янгилаш учун семинар ва тренингларда қатнашиб туриши зарур.
Бешинчи масалага келсак, мени ҳайратда қолдираётган нарса – бу ички цензуранинг ҳалигача йўқолмаётгани. Бизнинг авлод ҳақиқий цензурани ҳам, ички цензурани ҳам кўрди. Кўпчилик ундан қутила олмаяпти. Биздаги камчиликлар, айтайлик, баъзи ҳолатларда ўз вазифасини тўлақонли бажаришда жасоратнинг етишмаслиги, иккиланиш ёшларимизда бўлмаслигини хоҳлардим. Улар бизга нисбатан дадилроқ, маҳоратлироқ бўлиши керак.
Фурсатдан фойдаланиб, барча устозларимиз, ҳамкасбларимиз, шогирдларимизга касб байрами муборак бўлсин дейман. Қаламимиз ҳар доим ўткир бўлсин!
— Сизни ҳам табриклаймиз! Самимий суҳбат учун раҳмат!
Асқар БАРОТОВ суҳбатлашди.