“Зарафшон” миллий табиат боғидаги ноқонуний ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган
Аниқланишича, 2021-2022 йилларда боғ ҳудудидан 39,8 гектар ер майдони 57 нафар жисмоний ва юридик шахсларга ижара битими ва шартномаларга асосан дам олиш маскани қуриш учун ажратиб берилган.
Самарқанддаги ушбу боғда Бош прокурор ўринбосари Ш.Тўхтабоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ тегишли қонун ҳужжатлари ижросини ўрганиб, бир қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганини аниқлаган.
Хусусан, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонунга кўра, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ер участкалари фақатгина хусусий буюртма қўриқхоналар ҳамда табиий питомниклар ташкил этиш учун юридик ва жисмоний шахсларга ижарага берилиши мумкинлиги белгиланган бўлишига қарамасдан, миллий табиат боғи мансабдор шахслари томонидан 2021-2022 йилларда боғ ҳудудидан 39,8 гектар ер майдони 57 нафар жисмоний ва юридик шахсларга ижара битими ва шартномаларга асосан дам олиш маскани қуриш учун ажратиб берилган.
Оқибатда ижарачилар томонидан 8.015 метр квадрат ер участкасидаги буталар ва ўсимлик дунёси нобуд қилиниб, ноқонуний равишда қурилиш ишлари амалга оширилган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун фуқароларга 115,6 гектар ер майдони ноқонуний бериб юборилган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.