Заргарлик буюмларини яширинча олиб ўтишга уриниш фош этилди

Амалдаги тартибларга кўра, жисмоний шахслар томонидан 65 грамгача оғирликдаги қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини божсиз олиб киришга рухсат этилган.

Йўловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни қонунчиликдан хабардор қилиш мақсадида “Жарпета” чегара божхона постининг кириш ва чиқиш залларига меъёрий ҳужжатлар акс эттирилган пештахталар ўрнатилган.

Пештахталарда фуқаролар ўзлари билан олиб ўтиши мумкин бўлган товар ва моддий бойликлар меъёрлари ҳамда валюта қимматликлари тўғрисида барча маълумотлар ўзбек, тожик ва рус тилларида акс эттирилган.

Лекин шунга қарамасдан, гўёки, яқинларига “совға” деган важ ва баҳоналар билан тилла ва заргарлик буюмларини белгиланган нормалардан кўпроқ яшириб олиб киришга уринаётганлар ҳамон учраб турибди.

Хусусан, “Жарпета” чегара божхона постига қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Қ.Г. божхона назорати зонасидан ўтиш вақтида ўзини тутиши божхоначиларнинг эътиборини тортади.

Натижада, ушбу шахс белгиланган тартибда шахсий кўрикдан ўтказилганида унинг кийимлари орасидан, умумий қиймати 33 миллион сўмлик, оғирлиги 113 грамм бўлган 21 дона заргарлик буюмлари яширилганлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.