Зиёлилар жамиятнинг тузига ўхшайди

Ифлос қўллар билан хамир қориб бўлмаганидек, ифлос фикрли кишини  одамга айлантириш қийин.

 ***

     Ислоҳот ва инқилобларни зиёлилар ўйлаб топишади, бироқ ўзгаришлардан биринчи бўлиб уларнинг ўзлари жабр кўришади.

 ***

Зиёлиларни жамиятнинг тузига ўхшатадилар. Ҳақиқатан ҳам, уларнинг ҳаётларини ширин деб бўлмайди. Аммо, кишилик жамияти ҳаётининг маза-лаззати уларнинг ақлий меҳнати самарасидир.

 ***

 “Ҳақиқат баҳсларда туғилади”, дейишади. Бекор гап. Баҳслардан ҳамиша зиддият туғилади. Чунки бирорта баҳсда бировни бировга ён берганини кўрмаганман.

***

Нега ҳаётда кўпинча оптимистлар эмас, пессимистлар ҳақ бўлиб чиқишади Айтайлик, ярим пиёла сувни оптимист: “Деярли тўла экан”, - дея чамалайди. Пессимист киши эса: “Деярли бўш-ку!” - деб, эътироз билдиради. Бу баҳсга пессимист: “Пиёла бўшми ёки тўла эканлигини вақт кўрсатади”, - дея файласуфона нуқта қўяди.

     Дарҳақиқат, бирмунча муддат ўтганидан сўнг ўша пиёладаги сувдан асар ҳам қолмайди. Мана, нима учун кўп ҳолда пессимистлар ҳақ бўлиб чиқишади.

*** 

Киши кўнглига ёққан касбини қилиши, кўнглига ёққан таомни таомил қилиши, кўнглидаги сўзини айта олиши лозим, фақат бир шарт билан: унинг касбидан бошқа биров жабрланмаслиги, таомини ҳалоллаб ейиши ва ниҳоят унинг сўзи эзгулик учун хизмат қилиши шарт.

***

Ўзинг яхши кўрган ва яхши билган касб билан шуғулланиш чинакам озодликдир. Ўзи ёқтирган юмушни қилаётган қулни ҳам қул деб бўлмайди. Зеро, Эзоп ҳам қул эди, аммо унинг номи масалларида мангуга муҳрланди.

                     ***

Имло қоидаларини яхши билмайдиган кишининг давлат қонунлари ва қоидаларини муҳокама қилишга умуман ҳақи йўқ.

***

Жаҳл билан айтилган ҳақиқат ёлғондан ёмон.

***

Болалар кичиклигида ухлагани қўймайди, катта бўлгач эса яшагани.

 ***

  Тенглик қулликда бўлади, озодлик эса тенгсизликдир.

 ***

  Аҳмоқ ўзини ақлли деб ҳисоблаши мумкин, аммо бу билан ҳеч нарса ўзгармайди.

  ***

  Маиший тор ҳузур-ҳаловатини кўзлаган халқ ҳеч қачон буюк бўла олмайди.

***

Болангни ўргатсанг қизғанчиқликка,

  Тайёрланавергин тиланчиликка.                                       

   ***

 Мураббони “асал” деб мақташ, ёки асални “мураббо” дея камситиш билан моҳият ўзгармайди. Шакл тасаввурга тобе эмас.

 Худойберди Комилов.