Булунғур тумани ҳокимининг 5 та қарори бекор қилинган

Жорий йилнинг 30 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлиги алоҳида таъкидланди. Шу боис судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлагани учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Аслида бу бугун ўйлаб топилган масала эмас. Кейинги 3-4 йилда тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида одил судловни таъминлаш борасида қатор ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Мисол учун, ўтган бир ярим йил ичида судлар томонидан ҳокимларнинг ер ажратиш, бино-иншоотларни бузиш ва хусусийлаштиришга оид 1 минг 730 та қарори бекор қилинган.

Одамлар дардини тинглаш, судларда кўрилаётган ишлар юзасидан адолатли қарор чиқариш борасида Булунғур тумани иқтисодий судида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўтган йили ва жорий йилнинг биринчи чорагида ишларнинг 53,5 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилган. Оммавий ахборот воситалари орқали 16 марта чиқишлар қилинган ва маҳаллий Кенгашда ахборот берилган. Бундан ташқари, туман ҳокимлигининг 5 та қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, йиғилишда белгиланган вазифалар суд тизимининг мустақиллигини таъминлашда навбатдаги қадам бўлади. Суд жараёнларида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатини таъминлаш, судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш гарови бўлиши, шубҳасиз. Шунингдек, белгиланган вазифалар ижроси судларда иш юритиш сифатини оширишга хизмат қилади.

Шерзод ТЎХТАЕВ,

Булунғур тумани маъмурий суди раиси.