13 кишини меҳмон қилгани боис Бош вазир жарима тўлади
Норвегия Бош вазири Эрна Сульберг жорий йилнинг февраль ойи охирида 60 ёшга тўлишини қариндошлари билан чанғи курортида нишонлаган, дея хабар беради мамлакат полицияси вакили Уле Сэверуд. Икки кун давом этган зиёфатга 13 киши йиғилган. Оқибатда у коронавирусга қарши кураш учун ўрнатилган чекловларни бузгани учун 20 минг крона (2 352 доллар) жаримага тортилган.
Мамлакатда амалда бўлган карантин қоидаларига кўра, 10 кишидан ортиқ одамлар жамоа бўлиб бир жойда тўпланиши мумкин эмас.
Қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларига март ойида етиб келганида, Сульберг оммавий равишда узр сўраган. Сўнг унга қарши тергов бошланган.
Полицияга кўра, коронавирус билан боғлиқ санитария талаблари ва чекловларни жорий этиш ёки юмшатиш бўйича қарорни Бош вазир қабул қилади. Шунинг учун унинг ўзи бошқаларга ўрнак бўлиши ва қоидаларга амал қилиши керак.
"Қонун ҳамма учун бир бўлса-да, унинг олдида ҳамма бир хил эмас, жамоатчилик ишончини сақлаб қолиш учун унга жарима солиш тўғри бўлади", деган полиция вакили.
Маълумот ўрнида: жорий йил бошида коронавируснинг янги штаммлари билан касалланиш ва юқтиришнинг янги ҳолатлари кўпайиши фонида Сульберг қатъий чеклов чораларини кўришни талаб қилган.