"Амир Темур ўйинлари" спорт мусобақаси ғолиблари аниқланди, ўсмирлар “Вилоят прокурор кубоги” учун гиламга тушди

Самарқандда ўтказилаётган ёшлар фестивали доирасида “Амир Темур ўйинлари” спорт мусобақаси ҳам бўлиб ўтди.

 Унда Марказий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари, ИИБ ходимлари, спортчилар, маҳаллий ёшлар ва вилоятдаги олий ўқув юрти талабалари спортнинг тош кўтариш, миллий кураш, армреслинг, арқон тортиш турлари бўйича беллашди.

Мусобақада тош кўтариш бўйича Марказий ҳарбий округ ҳарбий хизматчиси Шукур Йўлдошевга тенг келадигани топилмади. У 24 килограмлик тошни 70 марта кўтариб мусобақада биринчиликни қўлга киритди. ИИБ ходими Илҳом Нишонов иккинчи ўринни эгаллади.

Кураш бўйича 66, 73 ва 90 килограмм вазнда иштирокчилар баҳслашди. Учала вазн тоифасида ҳам Марказий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари ғолиб бўлди. 

Армреслинг спорт тури бўйича 75 килограмм вазн тоифасида СамДУ жисмоний маданият факультети талабаси С.Тошпўлатов биринчи ўринни эгаллади.

Арқон тортиш мусобақасида ИИБ ходимлари ҳарбий хизматчиларни енгган бўлса, Самарқанд давлат университети талабалари уюшмаган ёшлар устидан ғолибликни қўлга киритди.

***

Шундан кейин 2004-2005 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида “Вилоят прокурор кубоги” учун миллий кураш мусобақаси бошланди.

Мусобақа аввалида республика кураш федерацияси раиси ўринбосари Абдумалик Йўлдошев вилоят прокурори Р.Машариповни жамоатчилик асосида Самарқанд кураш федерацияси раиси этиб тайинлангани ҳақидаги хабарни ўқиб эшиттирди.

Айни пайтда 100 нафардан зиёд ёшлар мусобақа ғолиблиги учун беллашмоқда.

Ҳусан Элтоев,

Фазлиддин Рўзибоев.