Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Bulung‘urlik maktab direktorini kim himoya qiladi – qonunmi yoki ma’rifatparvarlik?

Таҳририятимизга Булунғур туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактаби директори Ғайратжон Қорабеков мурожаат қилди. Мурожаатки, бошқаларга ўхшамайди. Уни эшитиб, кулишни ҳам, куйишни ҳам билмаймиз. Халқ таълими тизимида шунча ислоҳотлар, ўзгаришлар бўлаётган бир пайтда бундай ҳолат юзага келганига ишонгингиз келмайди-да...

– Булунғур тумани халқ таълими бўлимига қарашли 11-умумий щрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари вазифасида ишлардим, – дейди Ғайратжон Қорабеков. – Жамоамиз аҳил, ҳаммамиз зиммамиздаги вазифани виждонан бажаришга одатланганмиз. Ўқитувчи ва ўқувчилар, ота-оналар ўртасидаги муносабат ҳам яхши, маънавий муҳит соғлом эди. Шунинг учун ҳам мактабимиз туманимиздаги мактаблар рейтингида юқори ўринларда турарди, битирувчиларимизнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи юқори эди. Ҳозирги ибора билан айтганда, “яшил” тоифадаги мактаб.

Шу йилнинг январь ойида Халқ таълими вазири Ш.Шерматов мактабимизга келиб, таълим жараёнлари билан танишди, биз билан, ўқувчилар билан суҳбатлашди. Шу учрашувда вазиримиз директор ўринбосарларини тумандаги “қизил” тоифадаги мактабларга раҳбарликка қўйиб, уларда ҳам таълим сифатини ошириш бўйича тавсиялар берганди... 

Шундан кейин, 2 февраль куни Ғайратжон Қорабековни тумандаги “қизил” тоифада бўлган 10-умумий ўрта таълим мактаби директори вазифасини бажарувчи этиб тайинлашади. Бу мактаб унинг яшаш жойидан олисда (айтишича, 20 километр масофада), ҳар куни қатнаб ишлаши керак бўлса-да зиммасига катта масъулият юклангани, ишонч билдирилгани учун қийинчиликларни енгиб, бу вазифани астойдил бажаришга ҳаракат қилади. 

– Раҳбар сифатида, аввало, ўқитувчи ва ўқувчилар билан яқиндан танишдим, таълим жараёнларини кузатдим, – дея сўзида давом этади Ғ.Қорабеков. – Ўқувчилардан бири уйда таълим олишга муҳтожлигини аниқлаб, 11 февраль куни буни қонуний расмийлаштириб, ўқитувчилар тайинладим. Шу йилнинг 10 март куни туман адлия бўлимига чақириб «Якка тартибдаги ўқувчини ўқитаётган ўқитувчиларга йўл ҳақи компенсацияси тўламабсиз», деб мендан тушунтириш хати олишди. Тўғриси, бундай тартиб борлигини билмасдим. Буни адлия ходимларига ҳам айтдим. Ўзимча ҳали раҳбарликнинг кўп томонларини билиб олишим керак экан, деб қўйдим. Шу билан ўз ишларим билан юравердим.

7 апрель куни туман бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари давлат меҳнат инспекцияси томонидан маъмурий жавобгарликка тортилганим ва 1 миллион 225 минг сўм жарима тўлашим ҳақидага қарорни беришди. Қоғозни кўриб, ҳангу манг бўлиб қолдим. Мени айбим нима – ўз иссиқ жойимни совутиб, зиммамга катта масъулиятни олиб, раҳбарлик қилаётганимми? Ҳам хизмат, ҳам туҳматми?

Янги иш жойимда ўқувчиларни билим олишга қизиқтирай, деб директор стипендиясини ташкил қилиб аълочи ўқувчиларни ўз ҳисобимдан рағбатлантиришни бошлагандим. “Директор ва битирувчи куни”ни ташкил қилиб, натижа кўрсатишга интилаётгандим. Жамоадаги маънавий муҳитни соғломлаштиришга эришяпман, деб кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшилаётганди. Энди тасаввур қилинг, бу қоғоз менга қандай таъсир қилганини. Мен ўша пулни тайинлаб, ўзлаштириб юборган бўлмасамки шунча жарима қўллашса. Буни билмаганим мени айбимдир, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам аввал огоҳлантириш, тушунтириш мумкин-ку... Ўқитувчига, халқ таълимига эътибор, ҳурмат шуми? Шунча гаплар, шунча ислоҳотлар натижаси қани?

Ғайратжоннинг куйинганича бор. Тўғри, қонун нуқтаи назаридан, унинг ҳаракатида қоидабузарликми, ҳуқуқбузарликми бордир. Лекин буни у билмаган-ку. Билиб туриб шу ишни қилган, ўзи айтгандек ўша компенсацияни ўзлаштириб юборганда ҳам ҳар қандай жазо қўлланса адолатдан бўлармиди?

Энди масаланинг маънавий томонига эътибор қаратайлик. У мактабга раҳбар бўламан, деб “от” солмаганди, бировларга илтимос қилмаганди. Директор бўлганидан сўнг яна алланималарни орзу қилмаганди. Шунчаки, раҳбариятнинг тавсияси билан, таълим сифати паст муассасадаги ишларни жонлантириш, ўз тажрибаларини қўллаб, мактабни илғорлар қаторига олиб чиқиш учун директорликка қўйилганди.

Энди айтинг-чи, билдирилган ишончни оқлаш учун ҳар қандай гап-сўз, қийинчиликларни енгиб, ҳалол-пок ишлаб келаётган бир муаллимга, директорга бирдан жарима қўллаш адолатданми?

Фалон давлатда ўқитувчининг обрўси бундай экан, фалон давлатда бунча маош оларкан, фалон давлатнинг шу даражага эришувида энг катта хизмат қилганлар ўқитувчилар, деган гапларни кўп айтамиз. Биз-чи, биз нима қиляпмиз?