Чимқўрғонда ваъда қилинган “замонавий, мустаҳкам, ҳар томонлама ҳисоб-китоби тўғри кўприк” қурилди

2020 йил сентябрь ойида таҳририятимизга Иштихон тумани Чимқўрғон маҳалласи Юқори Чимқўрғон қишлоғида яшовчи Нуриддин Яҳёевдан шикоят хати келган эди.
Унда шундай ёзилганди: “Қишлоғимизни маҳалла маркази билан боғловчи йўл катта сой орқали ўтилади. Сойдаги кўприк эса бузилганлиги, ички йўлларимиз ҳам таъмирталаблиги сабабли туман ҳокимлиги ва Халқ қабулхонасига мурожаат қилдик. Аммо натижа бўлмади...”
Шикоят хатини ўрганиб, мутасаддилардан керакли жавобларни олиб, газетамиз ва сайтимизда “Яна бир катта сел келса чимқўрғонликлар йўлсиз қолади(ми?)” сарлавҳали мақола ва видеолавҳани эълон қилган эдик. Ўтган қарийб икки йил давомида чимқўрғонликлар бир неча марта бу масала ечимини топмаётгани ҳақида zarafshon@bot манзилимизга мурожаат қилди ва уларни ҳам телеграм каналимизда эълон қилиб бордик.
2021 йил 14 августда қурилиш ишлари бошланиб, ниҳоят шу йилнинг июнь ойида кўприк қуриб битказилди.
“Самарқанд кўприклардан фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан лойиҳа қиймати 1 миллиард 860 миллион сўм эвазига бунёд этилган мазкур кўприкнинг узунлиги 36 метр, эни 9 метр.
Шу пайтга қадар, ёғингарчилик мавсумида сел келиши оқибатида қишлоқнинг 1042 нафар аҳолиси, хусусан, 162 нафар ўқувчилар маҳалла марказига ёки мактабга 5,5 километр узоқликдан, яъни қўшни Қўшработ тумани Қийқим маҳалласи ҳудудидаги кўприк орқали қатнаб келаётган эди. Энди бу муаммога барҳам берилди.
Бундан ташқари, сойнинг оқими бўйича ўнг қирғоғини мустаҳкамлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Ушбу қурилишнинг лойиҳа қиймати 399 миллион сўмни ташкил этади.