Директорлар ўқитувчиларни турли сабаблар билан мактабга чақириши мумкин эмас

— Директоримиз турли сабаблар билан мактабга чақирмоқда. Ёш болам борлиги ва такси қатновлари тўхтагани сабабли бора олмаяпман. Директор эса чақирган пайтида келмаган ходимларнинг иш ҳақини табелдан тушириб ташлайман, ойлик олмайди, деяпти. Шу талаб тўғрими? 

Ушбу саволга бугун АОКА ҳузуридаги штабда ташкил этилган брифингда Халқ таълими вазирлиги ўқув жараёнини методик таъминлашни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Дониёр Эрматов жавоб берди.

— Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 28 мартдаги йиғилиш баёнига мувофиқ, Халқ таълими вазирининг жорий йил 31 мартдаги 91-буйруғи билан мактаб ўқитувчиларининг иш фаолиятини масофавий тарзда (иш ҳақи тўлиқ сақланган ҳолда) давом эттириш белгиланган.

Ҳозирги вақтда мактаб маъмурияти томонидан турли сабаблар билан мактабга ишга чақириш бўйича қўйилаётган талаблар НОТЎҒРИ ҳисобланади.

Ушбу ҳолат юзасидан аниқ (манзилли) маълумотлар тақдим этилса, мурожаат муаллифига батафсил ахборот тақдим этилади.