“Газпром” билан имзоланган ҳужжат мазмуни ҳақида жамоатчиликка маълумот берилиши керак
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов Энергетика вазирлигидан газ масаласида Россия билан имзолаган «Йўл харитаси» мазмуни ҳақида жамоатчиликка маълумот берилишини сўради.
“Ўзбекистон энергетика вазирлиги ва "Газпром" ўртасида газ соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича "Йўл харитаси"нинг имзолангани ижтимоий тармоқлар фаоллари ва жамоатчиликда саволларни уйғотди.
Яъни, энергетика тизими мустақиллигига таҳдид дея қаралаётган "Газ иттифоқи" лойиҳаси томон қадам сифатида талқин қилинмоқда.
Аввало, Энергетика вазирлиги мазкур "Йўл харитаси"нинг умумий мазмуни ҳақида жамоатчиликка хабар бериши лозим деб ҳисоблаймиз. Келгусида бундай ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар, аввал вазирликларимиз расмийлари томонидан эълон қилиниши керак.
Шу билан биргаликда, ҳуқуқий жиҳатдан, “Йўл харитаси” томонларга ҳеч қандай мажбурият юклаймайди, ҳуқуқий оқибат туғдирмайди. Томонларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштиришга хизмат қиладиган ҳужжат тури ҳисобланади.
Қолаверса, 2022 йилнинг декабрь ойида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бу борада қатъий позициямизни эълон қилган эди:
“...Биз газ ва электр энергиясини қандайдир альянс ёки иттифоқ орқали эмас, балки қўшни давлатлардан импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз”.
Миллий манфаатларимиз учун бу энг тўғри позиция эканлигини таъкидлаган ҳолда, Ҳукуматнинг энергетик инқирозни бартараф этиш ҳамда келгусида бундай хавфларни олдини олишга қаратилган қўшимча дипломатик ва амалий ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш лозимлигини билдирамиз”, деб ёзган Бобур Бекмуродов.