“Human хусусий бандлик Агентлиги” МЧЖ мансабдорлари томонидан минг кишига 21 миллиард сўмдан зиёд зарар етказилганлиги аниқланди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан “HUMAN хусусий бандлик Агентлиги” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда содир этилган фирибгарлик) билан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари якунланди.

Маълумки, 2019 йил 20 сентябрда жамият раҳбари Ш.Файзуллаевга ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан айблов эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов жараёнида 1000 дан ортиқ фуқаро жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар, деб эътироф этилди ҳамда уларга жамият томонидан 21 миллиард сўмдан зиёд зарар етказилганлиги аниқланди.

Дастлабки тергов давомида Ш.Файзуллаевга тегишли бўлган хонадонлар, автомашиналар олинган бўлиб, улар 6 миллиард сўмдан ортиқроқ нархга баҳоланган. Бундан ташқари, жамият офисида ва бошқа жойларда бўлган мол-мулклар ҳам хатланиб, 350 миллион сўмдан зиёд нархга баҳоланган.

Шунингдек, зарарни қоплаш мақсадида Ш.Файзуллаев томонидан турли хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоб рақамларига ўтказилиб, келиб чиқишига қонуний тус берилган 1,5 миллиард сўмга яқин пул маблағлари хатланиб, ИИВ ҳузуридаги депозит ҳисоб рақамига топширилган. Ушбу мол-мулклар кейинчалик суднинг қонуний қарори билан сотилиб, депозитдаги пул маблағларига қўшилиб, жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун қайтарилади.

Шуни таъкидлаш лозимки, Тергов идораси фуқароларимизга етказилган зарарни тўлиқ қоплаш чораларини кўриш мақсадида олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлар натижасида «HUMAN хусусий бандлик Агентлиги» МЧЖ мансабдор шахслари томонидан фуқаролардан олинган жуда кўп миқдордаги жами 15 миллиард сўмга яқин пул маблағлари 11 та хўжалик юритувчи суъбектларга “турли хил мақсадларда” ўтказилиб, уларнинг келиб чиқишига қонуний тус берилгани ва қинғир ниятли “тадбиркорлар” ёрдамида нақдлаштирилиб, ўзлаштирилгани аниқланган.

Ҳозирда ушбу сохта тадбиркорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ўйлаймизки, улардан ушбу пул маблағларини қайтаришга қаратилган барча куч-воситалар ишга солинади ва фуқароларимизга етказилган моддий зарарни қоплаш чоралари кўрилади.

2019 йил 07 декабрда Ш.Файзуллаевга нисбатан эълон қилинган айблов Жиноят кодексининг фирибгарлик, савдо қоидаларини бузиш, расмий ҳужжатларни қасддан нобуд қилиш, сохта тадбиркорлик, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва нодавлат тижорат ташкилоти мансабдор шахси томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш жиноятлари учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари билан тўлдирилган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан айблов хулосаси тузилиб, айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли суд идорасига мазмунан кўриб чиқиш учун бериш мақсадида прокуратура идорасига юборилди.