Жиддий тўқнашув тафсилотлари маълум қилинди
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги Регистон кўчасида «Ласетти» ва «Нексия» русумли автомашиналар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганлиги тўғрисида хабар тарқалганди.
Ушбу ҳодиса тафсилотлари ҳақида вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати маълумот бермоқда.
Қайд этилишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқарога тегишли бўлган «Ласетти» русумли автомашина Самарқанд тумани Чумчуқли қишлоғида яшовчи фуқаро бошқарувидаги «Нексия» автомашинасига урилган. Шунингдек, «Ласетти» автомашинаси пиёдалар йўлагидан ўтаётган аёлни ҳам уриб юборган.
Ушбу йўл транспорт ҳодисаси натижасида «Нексия» автомашинаси ичидаги йўловчи ва пиёдалар йўлагидан ўтаётган фуқаро жиддий тан жароҳати олган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд бўлимида ҳодисадан жабрланганларга зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилган.
Айни пайтда ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.