МАКТУБ: Ўзбекистон Республикаси Президенти, жаноби олийлари Шавкат Миромонович Мирзиёевга!

 

Ҳаммамиз учун бағоят ҳурматли, азиз Шавкат Миромонович!

Биз уч кундан буён на тилда, на қоғозда тасвирлаб бўлмайдиган таассуротлар оғушида яшаяпмиз. Мамлакатимиз пойтахти – Душанбеда бўлиб ўтган «Дўстлик оқшоми»да Сиз ва Тожикистон Республикаси Президенти, Миллат пешвоси, ҳурматли Эмомали Раҳмоннинг икки халқ дўстлигини янада мустаҳкамлаш борасида чин дилдан айтган сўзларингиз тожик дўстларимизга ҳам, биз – Тожикистонда яшаётган юз минглаб ўзбекларга ҳам ғоятда юксак бир кайфият бағишлади. Тожикистон Республикаси Президенти Сизга мамлакатнинг энг олий мукофоти – «Зарринтож» орденини топширар экан, Сиз – икки донишманд, икки дўст, икки мамлакат халқлари манфаати, бахту саодати учун барча қийинчиликларни енгиб чиққан раҳбарлари дўстлиги, қадрдонлигига жаҳоннинг бор мамлакатларидаги президентлар, бош вазирлар, умуман, барча сарварлар ҳавас қилишлари борасида ўйладик.

 

Қадимий Хўжанд яқинидаги мустақил Тожикистон ҳаётида туб бурилиш ясаган тарихий «Арбоб» қасридаги биз – зиёлилар ва фаоллар билан мулоқот пайтида айтган сўзларингиз эса, фақат бу учрашув қатнашчиларини эмас, балки уни телеэкранлар орқали томоша қилган миллионлаб инсонлар кайфиятини самога кўтарди. Биз ким билан суҳбатлашмайлик, мавзу фақат битта – Сиз ва Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари дўстлигини янада мустаҳкамлаш, яхши қўшничилик муносабатларини юқори чўққига кўтариш йўлида қилаётган қиёси йўқ саъй-ҳаракатларингиз ҳақида бўлди. Ҳар икковингизга узоқ умр тилаб дуога қўл очган отахон ва онахонлардан тортиб ёш йигит-қизларгача эҳтиросларини яширмасдан, самимий сўзлар таъсиридаги ҳаяжонларини боса олмасдан, ҳатто айримларининг кўзларида севинч ёшлари қалқиб, бу улуғ инсонни бахтимизга Яратганнинг ўзи юборди, дейишарди.

 

Сизнинг улкан сиёсий иродангиз, ташаббусингиз, буни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон қўллаб-қувватлаши, халқ таъбири билан айтганда, том маънода қўлни қўлга бериб ишлашларингиз натижасида орадан совуқлик кўтарилди, темир дарвозалар очилди. Ҳар икки мамлакат аҳолисига ҳеч қандай визасиз борди-келди қилиш имкони яратилди. Узоқ йиллардан сўнг самолётлар Душанбедан Тошкентга, Тошкентдан Душанбега парвоз қила бошлади. Шаҳарлараро автобуслар қатнови йўлга қўйилди. Статистик маълумотларга таянилса, пандемиягача Тожикистонга энг кўп меҳмон Ўзбекистондан келган. Қариндошлар истаган пайтларида бир-бирларининг дийдорларига тўйиш имконига эга бўлишди.

 

Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал, деган гаплар бор. Ўзбекистоннинг Тожикистон учун қанчалик қадрдонлиги айниқса, пандемия пайтида билинди. Биринчи бўлиб бизга ёрдам Ўзбекистондан етиб келди. Аввалига дори-дармон, тиббий жиҳозлар, ортидан кўчма госпиталь, «Тез ёрдам» машиналари, энг тажрибали вирусолог шифокорлар… Ҳисоб-китобларга қараганда, пандемия пайтида Ўзбекистоннинг Тожикистонга кўрсатган ёрдами ҳатто Хитой каби жаҳоннинг йирик мамлакати ёрдамига қараганда бир неча баравар кўп экан!

 

Айни бир пайтида Сардобада табиий офат юз берганда Тожикистон ҳукумати ёрдам қўлини чўзди.

 

Бу – чинакам оғайни, дўст, қардош икки халқнинг самимий амаллари эди.

 

Ўзбекистонда тожиклар ҳам яшаганидек, Тожикистонда ҳам азал-азалдан ўзбеклар яшаб келишади. Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари Тўйчи Эрйигитов, Ўринбек Ёқубов, икки марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Абдуғафур Саматов, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари Асқарали Мирзаев, Имомназар Хўжаназаров, машҳур балет раққосаси, СССР Халқ артисти Малика Собирова, шоир Тожикистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ўлмас Жамол, давлат арбоблари Бегали Аҳмадалиев, Жўра Шокиров, тарих фанлари доктори Абдуҳамид Гадоев, навоийшунос олимлар, филология фанлари докторлари, профессорлар Эргашали Шодиев, Абдусалом Абдуқодиров, фалсафа фанлари доктори, профессор Ҳомид Пўлатов каби ўзбеклар ўз меҳнатлари билан Тожикистонни улуғлашди, Тожикистон эса, уларни улуғлади.

 

Ҳозир ҳам вилоятимизда ўзбек халқи шуҳратини ёяётган олимлар, адиблар, шоирлар, санъаткорлар, тадбиркорлар, раҳбарлар кўп.

 

Ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизнинг Тожикистонга бу галги ташрифингиздан сўнг икки мамлакат, икки халқ манфаати кўзланган ўттиздан ортиқ шартнома имзоланганини эшитган тожикистонликлар айнан дўстлик туфайли ҳаётларининг янада яхшиланишидан чексиз мамнун бўлишмоқда. Жумладан, Зарафшон дарёсида иккита ГЭС қурилиши фақат уйларни нурафшон этмасдан, балки дилларни ҳам чароғон этади. Янги саноат корхоналари қурилади ва минглаб кишилар доимий иш билан таъминланади. Худди шундай “Uz Avto Motors” билан ҳамкорликда қуриладиган автомобиль заводи ҳам юзлаб оилаларга ризқ-рўз улашади.

 

Ишлаб чиқаришда бўлганидек, илмий ва маданий соҳалардаги ҳамкорликлар кучайтирилиши бизни қувонтиргандан-қувонтирди. Айниқса, кейинги уч йилда биз ўзбекистонлик олимлар билан яқин ҳамкорликлар ўрнатдик. Биргина академик Бобожон Ғафуров номли Хўжанд давлат университети Ўзбекистондаги йигирмата олий ўқув юрти билан ҳамкорлик қилмоқда. Мазкур университетнинг ўзбек филологияси факультети олимлари Тошкент, Бухоро, Фарғонада бўлиб ўтган халқаро онлайн илмий-адабий конференцияларда ўзларининг илмий маърузалари билан қатнашишди.

 

Ўзбекистонда Тожикистон, Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилиши истиқлол йилларида бу соҳа ходимлари эришган ютуқлар билан таништириш учун муҳим имконият яратди. Тошкентда Тожикистон Қаҳрамони, Тожикистон халқ шоири Мирзо Турсунзодага бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Тошкентдаги янги метро бекатларидан бири бу улуғ тожик шоири номига қўйилди. Душанбеда эса, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидовга бағишланган бир-биридан мазмунли тадбирлар ўтказилди.

 

Узоқ танаффусдан сўнг ўзбек ижодкорларининг асарлари тожик тилига, тожик ижодкорларининг асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилмоқда. Адабий кўприклар қайта тикланмоқда.

 

Театр ва кино соҳасидаги ҳамкорликлар ҳам тобора кучаймоқда. Жуда катта танаффусдан сўнг Тошкентдаги Муқимий номли музикали драма ва комедия театри ижодий жамоаси Хўжандга ташриф буюриб спектакль ва концерт кўрсатди. Хўжандлик театр мухлислари Намангандаги Алишер Навоий номли театр санъаткорларини ҳам илиқ кутиб олишди. Ўз навбатида Тожикистондаги Шукур Бурҳонов номли ўзбек театри беш кун давомида Наманган вилоятида ижодий сафарда бўлди.

 

Яқиндагина Душанбеда ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтди. «Илҳақ» фильми Тожикистон телеканалларида ҳам кўрсатилди. Айни шу ўринда ўзбек киносида Нодирабегим, Майсара каби ўнлаб образлар яратган Тожикистон Халқ артисти Сайрам Исаевага ўзбек киносидаги мислсиз хизматлари учун Ўзбекистоннинг «Олтин ҳумо» мукофоти берилганини эслатиш жоиз.

 

Арбоб қасрида сўзлаган нутқингизда ўзбек ва тожик халқларининг қадимий дўстлигидан ҳикоя қилувчи, мавлоно Абдураҳмон Жомий ва ҳазрат Алишер Навоийнинг юз йиллар давомида тиллардан тушмай келаётган буюк дўстлиги ҳақида бадиий фильм яратиш зарурияти ҳақидаги қимматли ғоянгизни биз, Суғд вилоятидаги зиёлилар бениҳоя мамнунлик билан кутиб олдик. Албатта, бу буюк дўстлик ёшлар учун ибрат намунаси бўлади. Ва яратилажак бадиий фильм ўзбек ва тожик дўстлигига четда ва чекка-чеккада биқинганча тош отаётган айрим ғаразли кимсалар ниятини яна бир марта пучга чиқаради.

 

Ҳурматли Шавкат Миромонович! Сизнинг чет мамлакатларда яшаётган ўзбек ижодкорларига ғамхўрлик борасидаги янги ташаббусингиз Тожикистондаги адиб ва шоирлар илҳомига илҳом қўшди. Тожикистонда, жумладан, вилоятимизда яшаб, ижод қилаётган ўзбек ижодкорлари ўз асарларини катта ўзбек адабиётига ҳисса бўлиб қўшилиши учун мудом интилишган. Энди эса, Сиз, азиз Шавкат Миромонович, бу интилишга ойдин йўл очдингиз!

 

Чеҳраси, юриш-туриши, урф-одати, тўй-ҳашами бир-бирига ўхшаш, орзу-ниятлари бир бўлган икки қондош, жондош халқ бахтига Сиз ва ҳурматли Эмомали Раҳмон бошлаётган ҳар бир эзгу ишнинг амалга ошишига Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!

 

Жўрабек Набиев,

 

Тожикистон Халқ артисти,

 

Абдували Бердиалиев, Қамариддин Тўхлиев,

 

академик Бобожон Ғафуров номли Хўжанд Давлат

 

университети профессорлари,

 

Мунаввара Ойматова,

 

мазкур университет ўзбек филологияси факультети декани муовини, доцент,

 

Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси, шоира ва адиба.

 

Феруза Қаюмова,

 

филология фанлари номзоди, академик Бобожон Ғафуров

 

номли Хўжанд давлат университети гуманитар фанлар кафедраси

 

мудири, шоира, таржимон,

 

Абдуворис Мингбоев,

 

мазкур университет доценти, психология фанлари номзоди,

 

Фарҳод Жўраев,

 

Суғд вилояти ўзбеклар жамияти раиси, «Суғд ҳақиқати»

 

вилоят газетаси бош муҳаррири,

 

Тўрақул Ризоқулов, Тожикистон ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат

 

университети ректори муовини, профессор,

 

Хайрулло Абдуқодиров,

 

иқтисод фанлари доктори.

 

Ўринбой УСМОН,

 

ёзувчи, драматург ва таржимон, Тожикистон Ёзувчилар

 

иттифоқи аъзоси