Нотаниш “IMBIR” ўрнига “Zanjabil” ишлатилса, кимнинг сазаси ўлади? Савдо шохобчасини “Ободонлаштириш бошқармаси” дейиш қанчалик қонуний?
Нега энди мутасаддилар муносабат билдиришда айнан танқидий фикр билдирилган каналга эмас, “ижтимоий тармоқларда”, дея хоҳлаган тармоққа муносабат ёки эътироз билдиришга одатланди? Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси ахборот хизматининг бугун, 20 октябрь куни Zarnews.uz телеграм каналида эълон қилинган “IMBIR” нима дегани? Бу ўринда “Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси” ёзувидан нима манфаат бор?” мазмунидаги жумбоқли сурат лавҳага муносабатини (ваҳоланки, мазкур муносабат бошқа каналларда аллақачон эълон қилинди) таҳрирсиз эътиборингизга ҳавола этамиз:
“Муносабат
Ижтимоий тармоқларда “IMBIR” нима дегани? Бу ўринда “Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси” ёзувидан нима манфаат бор сарлавҳаси остида фотосурат эълон қилинди. Фотосуратда кўрсатилган жой Самарқанд шаҳри Амир Темур ҳамда Мустақиллик кўчалари кесишмасида жойлашган Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасига бириктирилган автотураргоҳ ҳудуди ҳисобланади. Автотураргоҳ ҳудуднинг маълум бир қисми Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 июндаги “Аҳоли пунктларини ободонлаштириш соҳасида ишлар самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ 4351 сонли қарори ижроси таъминлаш мақсадида тадбиркорга ижара шартномаси асосида фойдаланишга топиширилган. Ушбу кўчма савдо шахобчасида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси ёзуви ёзилиши ихтиёрий равишда амалга оширилган бўлиб қонунбузарлик ҳолати мавжуд эмас”.
Таҳририятдан: “IMBIR” – занжабил. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “занжабил – зиравор ўсимлик номи. Занжабилдошлар оиласига мансуб, йўғон илдизпояли, гул ва мевасиз, найсимон ўт ўсимлик (доривор, зиравор модда сифатида ишлатилади)” дейилган.
Шундай экан, ёш тадбиркорга маслаҳатимиз – шохобча фаолиятидан фойдаланувчиларнинг асосий қисмини маҳаллий аҳоли ташкил этаётган айни пайтда “Zanjabil” атамасини қўллаш ўрнига, “IMBIR”ни ишлатишга нима ҳожат бор эди? Европа халқларида “IMBIR” атамаси машҳурлиги инобатга олинганда ҳам тадбиркор миллий қадриятларимизни унутмаган ҳолда “Zanjabil”ни қўлласа, сазаси ўлармиди? Алмойи-жалмойи хорижий атама ўрнига “Zanjabil”ни қўллаш кўрган, эшитган қулоққа ёқимли эмасми?
Ундан кейин, шохобча Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги автотураргоҳ ҳудудида бўлганда ҳам унинг тепасига “ободонлаштириш бошқармаси”, дейишнинг нима кераги бор?