Самарқанд туманидаги корхонада 200 турдан ортиқ пойабзал ишлаб чиқариляпти

Бу ҳақда туманда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирокида "Инсон қадри учун" шиори остида ташкил этилган пресс-турда батафсил маълумот берилди.

Найман маҳалласида яшовчи тадбиркор Асқар Камолов бундан 12 йил аввал пойабзал ишлаб чиқариш корхонасини ташкил қилган эди. Олти киши билан иш бошлаган "Самарқанд пойабзал класс" МЧЖ 2010 йилда қўшма корхонага айлантирилди.

- Бугунги кунда корхонамизда 200 турдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилади, - дейди "Самарқанд пойабзал класс" Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси раҳбари Асқар Камолов. - Корхонада 150 нафардан ортиқ ишчи фаолият юритади. Жорий йилнинг шу даврига қадар 60 минг долларлик маҳсулот хорижга экспорт қилдик. Келгусида яна Туркия, Россия, Тожикистон ва бошқа хориж мамлакатларига маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.