Самарқандда коррупцияга қарши кураш бўйича семинар ўтказилмоқда

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Инвестицион фаолиятда коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва унга қарши курашиш” мавзусидаги уч кунлик семинар ўз ишини бошлади.
Унда Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси мутахассис ва ходимлари, хусусан, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича минтақавий бошқармаси вакили Ашита Миттал, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов иштирок этмоқда.
Тадбир БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда “Ипак йўли Иқтисодий Камари бўйлаб жойлашган давлатларда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясининг амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш орқали барқарор ривожланишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Ушбу лойиҳа инвестиция лойиҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорликни рағбатлантириш, хусусан, ахборот, илғор тажриба ва билимлар алмашинувини кучайтириш ҳамда тегишли давлатларнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш учун коррупцияга қарши амалиётчи-экспертлар тармоғини яратиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Семинар БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси кўмагида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Бош прокуратура ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Тармоқ 2021 йил 11-12 декабрь кунлари Шарм-Эл-Шайхда бўлиб ўтган БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига аъзо давлатлар конференциясининг тўққизинчи сессияси доирасида расман ишга туширилган эди.
Бугунги кунга қадар тармоққа Албания, Арманистон, Озарбайжон, Босния ва Герцеговина, Хитой, Грузия, Греция, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Монголия, Черногория, Сербия, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистон каби 16 та давлат қўшилган.
- Семинарнинг асосий мақсади - экспертлар тармоғида иштирок этувчи мамлакатларда инвестиция фаолияти ва инвестиция сиёсати соҳасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича амалий, асосланган ва истиқболли ёндашувларни муҳокама қилишдан иборат, - дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов. – Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, инвестиция маблағларини жалб этиш ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қонунбузилиш ва коррупция ҳолатлари кўпайган ва уларни олдини олиш мақсадида мамлакатимизда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ўтган йил прокуратура органлари томонидан юқоридаги ҳолатлар бўйича 30 мингга яқин қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, қарийб 100 нафар шахс тегишли тартибда интизомий-маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, 50 га яқин жиноят ишлари қўзғатилиб, бевосита айбдор шахсларга нисбатан чора кўрилган.
Бундан ташқари, ўтган йилда 2800 га яқин коррупция билан боғлиқ жиноятлар фош этилиб, айбдор шахслар жавобгарликка тортилган бўлса, шундан 15 га яқини инвестиция фаолияти билан боғлиқ жиноятларни содир этган.
Семинар ишида Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатларидан келган вакиллар томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўз мамлакатлари тажрибасига бағишланган тақдимотлар ҳам ўтказилади.